6 май куни Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонасида Украинанинг етакчи тадбиркорлари билан учрашув бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Тадбирда Украинанинг Forbes журнали талқини бўйича энг йирик 100 та компанияси рўйхатига кирувчи 60 дан ортиқ корхона раҳбарлари ва топ-менежерлари, хусусан, MEGOGO (онлайн кинотеатр), MTI Group (ритейл, IT ва логистика), UNIT.City (инновациялар парки), МХП (озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи), Uklon (такси агрегатори), «Биосфера» (рўзғор ва гигиена товарлари ишлаб чиқарувчи), «Дарниця» (фармацевтика компанияси) ва Idea Bank вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Алишер Курманов иштирокчиларни мамлакатда чет эллик инвесторлар учун яратилаётган шароитлар, Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ҳамда транспорт-логистика имкониятлари билан таништирди.
«Украиналик тадбиркорлар Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги жозибадор ва истиқболли бозор сифатида баҳолаб, мамлакатдаги барқарор иқтисодий ўсиш ҳамда очиқ инвестиция сиёсатига юқори баҳо берди», — дейилади агентлик хабарида.
Ўзбекистон бозорида аллақачон фаолият юритаётган MEGOGO, «Юрия-Фарм» (фармацевтика компанияси), Uklon ва Sigma Software (IT компания) вакиллари бизнесни кенгайтириш ва инвестициялар ҳажмини оширишга қизиқиш билдирди.
Sona Pharma (фармацевтика компанияси) директори Денис Голубчиков 2027 йил январидан бошлаб компания тиббиёт бозорига офтальмология соҳасидаги инновацион маҳсулотлар портфелини тақдим этиш ниятида эканлигини маълум қилди.
Uklon бош директори Сергей Гришков компаниянинг биргина Тошкентдаги бизнесини ривожлантириш учун 10 млн доллардан ортиқ инвестиция киритганини маълум қилди. Унинг фикрича, аҳоли сонининг ўсиши, хорижий инвестициялар оқими ва ривожланган финтех инфратузилмаси Ўзбекистонни узоқ муддатли стратегик ривожланиш учун энг истиқболли йўналишлардан бирига айлантирмоқда.
«Дарниця» компаниясининг экспорт бўйича директори Гурген Карапетян Ўзбекистон асосий стратегик бозорлардан бири эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, фармацевтика соҳасидаги мураккаб ва қатъий тартибга солувчи талабларга қарамай, компания ҳозирда Ўзбекистонда 27 турдаги маҳсулотни рўйхатдан ўтказиш жараёнини амалга оширмоқда.
Учрашув якунида украиналик тадбиркорлар 16−18 июнь кунлари бўлиб ўтадиган V Тошкент халқаро инвестиция форумига таклиф этилди.
Йиғилиш иштирокчилари икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни «сифат жиҳатидан янги босқичга» олиб чиқишга қаратилган қатор таклифларни илгари сурди, дейилади хабарда.
Ўз навбатида, Ўзбекистон дипломатлари ҳар бир тадбиркор билан учрашувлар ташкил этиш, уларнинг амалий лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва инвестициявий ташаббусларини амалга оширишда кўмаклашишга тайёр эканликларини билдирди.
