• Чт. Июн 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Марказий Осиё тарихий савдо коридорларига қайтмоқда — транспорт вазири ўринбосари



Ўзбекистон чегаралардаги кечикишларни қисқартириш, юклар транзитини тезлаштириш ва логистика тизимини барқарорроқ қилиш мақсадида транспорт соҳасига рақамли ечимларни жорий этмоқда. Бу ҳақда 5 май куни Самарқандда Осиё тараққиёт банки йиғилиши доирасидаги панель сессиясида транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.

Муҳокама модератори Ўзбекистон транспорт соҳасини қандай рақамлаштираётгани ва тизимни барқарор, самарали ҳамда инвестициялар учун жозибадор қилиш бўйича қандай қадамлар ташланаётгани ҳақида сўради.

Бунга жавобан Чориев Ўзбекистон учун чегаралардаги кечикишлар мавзуси айниқса муҳимлигини таъкидлади.

«Собиқ Совет Иттифоқи даврида биз битта мамлакат эдик ва шу қадар ўзаро боғланган эдикки, бир саноат зонаси, эҳтимол, 5000 км узоқликда жойлашган бошқа завод билан яқин ва ишончли ишлай оларди. Яъни таъминот занжирлари ва иқтисодиёт ягона мамлакат сифатида фаолият юритарди, кўплаб коридорлар мавжуд эди. Ўшанда чегара муаммолари ёки жисмоний тўсиқлар бўлмаган», — деди у.

Мустақилликдан сўнг, дея давом этди вазир ўринбосари, давлатлар ўз чегаралари ва хавфсизлик тизимларини шакллантира бошлаган, бу эса амалда кўплаб савдо имкониятларини чеклаган.

«Ҳамма энди хавфсизлик ҳақида, мустақиллик ҳақида ва иқтисодиётни бошқаларга иложи борича камроқ боғлиқ қилиш ҳақида ўйлашимиз керак, дерди. Бу эса маълум маънода дилеммани юзага келтирди», — деди Чориев.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир Марказий Осиё аввал самарали ишлаган тарихий савдо йўналишларига қайтаяпти.

«Уларнинг кўпчилиги, жумладан темирйўллар ва чегара пунктлари вайрон бўлган, ҳолбуки улар аввал самарали ишлаган. Энди вазифалардан бири — жисмоний тўсиқларни бартараф этиш. Чегараларнинг ҳар икки томонида янги инфратузилма объектлари қурилмоқда, шунда ҳар бир давлат юклар ва одамларни қабул қилиш ҳамда жўнатиш учун бир хил имкониятларга эга бўлади. Бу ҳақиқатан ҳам жуда муҳим», — деди у.

Чориев рақамлаштириш ҳақида гапирар экан, қуруқлик орқали ёки аэропорт орқали чегарадан ўтиш қулай ва тушунарли бўлиши кераклигини таъкидлади. Бунинг учун эса чегара, божхона ва бошқа хизматлар ўртасида маълумот алмашинуви зарурлигини айтди.

«Агар маълумот алмашинуви мавжуд бўлса, агар чегара хизматлари, божхона ва бошқа тузилмалар нима келаётганини, қачон келаётганини, юк қанчалик тез ўтиши кераклигини ва томонлар қандай мажбурият олганини олдиндан билса, у ҳолда барчаси ягона экотизим сифатида ишлаши керак», — деди у.

Вазир ўринбосари битта нуқтада инфратузилма ёки рақамли ечимлар етишмаслиги таъминот занжирининг бутун тизимини тўхтатиб қўйиши мумкинлигини таъкидлади.

«Биз нима қилмоқчимиз? Камида, менинг назаримда, Ўзбекистонга кириб келаётган ҳар қандай юк ўзига хос «тезлаштирилган режим»га ўтадиган муҳит яратмоқчимиз. Акс ҳолда, биз глобал савдо ва транзитни жалб қила олмаймиз», — деди у.

Унинг тушунтиришича, гап транзит вақтини қисқартириш ҳақида кетмоқда.

«Яъни Ўзбекистонга келаётган ҳар қандай юк тезроқ ҳаракатланиши керак. Агар аввал транзит тўрт кун давом этган бўлса, энди икки кун бўлиши керак. Бу худди ўйинда тезлаштирилган режимни ёққанингиздек», — деди вазир ўринбосари.

Бунинг учун, Чориевнинг сўзларига кўра, электрон рухсатномалар (e-permits), e-CMR, электрон юк ва фрахт ҳужжатлари каби рақамли платформалар жорий этилмоқда. «Бу тизимларнинг барчаси аллақачон ишлаяпти ва биз тажрибамизни нафақат қўшни давлатлар, балки савдомизнинг асосий қисми тўғри келадиган мамлакатлар билан ҳам бўлишяпмиз», — деди у.

Вазир ўринбосарининг айтишича, айрим ташаббуслар аллақачон тўлиқ ишга тушган бўлса, бошқалари жорий этиш босқичида.

Чориев, шунингдек, минтақа давлатлари замонавий технологиялар ва тажриба алмашинувини янада фаоллаштириши кераклигини таъкидлади. У мисол сифатида денгиз соҳасида Сингапурни, рақамли технологиялар бўйича эса Японияни келтирди.

«Бундай билим ва тажрибаларни CAREC, GMS ва бошқа ҳамкорлик платформалари каби мавжуд дастурлар ва ташаббуслар орқали тарқатиш керак», — деди у.

Якунда вазир ўринбосари халқаро майдонларда муҳокама қилинаётган ғоялар кейинчалик савдо ҳамкорлари ўртасида амалда татбиқ этилиши лозимлигини таъкидлади.

«Муҳокамаларимиз давомида янги ташаббуслар ва ғоялар пайдо бўлади, лекин биз уларни аниқ вазифалар ва „уй вазифаси“ сифатида қабул қилишимиз, кейин эса улар устида икки томонлама ва уч томонлама форматларда ишлашимиз керак. Чунки кўп гапириш, ёрқин ғояларни таклиф қилиш мумкин, аммо агар булар савдо ҳамкорлари ўртасида амалда ишламаса, натижа бўлмайди», — деди Жасурбек Чориев.

Транспорт вазири ўринбосари ушбу сессияда Ўзбекистон ташқи дунё билан боғлиқликни сақлаб қолиш учун нафақат ўз ҳудудида, балки унинг ташқарисида ҳам транспорт инфратузилмасини қураётганини айтганди. Илгари бир неча йилда бир марта кузатилган инқирозлар ҳозир бозорларга деярли ҳар ой таъсир кўрсатмоқда.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Шохрух Гуламов Gazeta`га берган интервьюсида Яқин Шарқдаги можаро Ўзбекистон учун юк ташиш нархига таъсир қилаётганини айтган эди. Унинг айтишича, ҳукумат юкларни муқобил йўналишлар, жумладан, Марказий коридор ва Хитой портлари орқали қайта йўналтириш устида ишламоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *