Шавкат Мирзиёев 8 май куни Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларини зиёрат қилиб, байрам билан табриклади, дея хабар бермоқда президент матбуот хизмати.
Давлат раҳбари Қуролли Кучлар бош ҳарбий клиник госпиталида Акмал Акрамов, Вера Журавская, Ҳасанбой Халматов ва Владимир Алексейков билан суҳбатлашди. Нуронийларнинг ҳол-аҳволи ва саломатлиги билан қизиқди. Уларнинг машаққатли ҳаёт йўли ҳамда кўрсатган жасоратларини алоҳида эътироф этди.
«Сизлар тарихнинг жонли гувоҳи, матонат тимсолисизлар. Сиздек табаррук инсонлар билан учрашиш, ўгитларингизни тинглаш бизга катта маънавий куч бағишлайди. Халқимиз сизлар билан ҳақли равишда фахрланади. Бугунги тинч ва озод кунлар, авлодларнинг бахтиёр истиқболи сизларнинг мислсиз фидокорлигингиз маҳсулидир. Сизларнинг ибратли ҳаёт йўлингиз ёшларимиз учун ҳақиқий матонат мактабидир», — деди у.
Давлат раҳарининг 16 апрелдаги қарорига мувофиқ, уруш ва меҳнат фахрийларига эҳтиром кўрсатилмоқда.
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт орти фахрийлари ҳамда мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари давлатнинг доимий ғамхўрлигида, дейилади хабарда. Уларга моддий ва маънавий кўмак бериш баробарида саломатликларини тиклаш учун республиканинг энг яхши санаторийларига имтиёзли йўлланмалар ажратилган.
«Яратган сизларга ватанпарварлик ва фидокорона меҳнатингиз мукофоти сифатида узоқ умр, эл-юрт ардоғида яшаш бахтини ато этган. Сизларнинг дуоларингиз юртимиз учун омонлик, ишларимизга баракадир», — деди президент.
Учрашувда нуронийлар тарихий хотирани тиклаш, кексаларни эъзозлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги Ғалаба боғига ташриф буюриб, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган хотира маросимида иштирок этди. «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди ва «Миллат фидойилари» хиёбонида ҳам бўлди.
Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, республикада ҳозирда жами 60 нафар уруш қатнашчиси ва уларга тенглаштирилган фахрий истиқомат қилади. Уларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уларнинг ҳар бирига 30 млн сўмдан бир марталик мукофот пули берилиши хабар қилинган.