Зўравонликка қарши «Сукут сақлама» (Nemolchi.uz) лойиҳаси болаларнинг жинсий эркинлигига қарши яна бир жиноят ҳақида хабар қилди. Бу сафар жиноятнинг олди олинган, аммо суд ҳукми саволлар уйғотмоқда. Ҳодиса Андижон вилоятида содир бўлган.
2025 йил сентябрь ойида М. Усмонхўжаева тунда Андижон вилоятидаги «Боғишамол» боғида вояга етмаган З. (2007 йилда туғилган, ўша вақтда 18 ёшда бўлмаган) билан танишган. З. оиладаги келишмовчиликдан кейин уйдан чиқиб кетган ва кўчада ёлғиз қолган бўлган. Усмонхўжаева унинг ёнига ўтириб, ўзини таништирган ва унга ҳақ эвазига энага бўлиб ишлашни таклиф қилган. Қиз рози бўлган.
Кейинги бир неча кун давомида Усмонхўжаева З.ни турли жойларга олиб бориб, йўл, овқат ва меҳмонхона харажатларини тўлаб, кийим-кечак олиб берган. Сафар давомида З. энага бўлиб ишлашга кетаётганига ишонган. 23 сентябрда Усмонхўжаева қизга улар Хонободдаги дачада тунашларини ва эртаси куни болаларни олиб кетиш учун Наманганга жўнаб кетишларини айтган. З. рози бўлган.
Қўрғонтепа тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Усмонхўжаева 1 млн сўм олаётганида қўлга олинди. Бу сумма олдиндан телефон орқали келишилган эди: Усмонхўжаева вояга етмаган қиз учун нархни ўзи белгилаган ва З.нинг туғилган йилини «товар»нинг қўшимча хусусияти сифатида кўрсатган. З. ҳибсга олинганидан кейингина Усмонхўжаева уни пул эвазига эркак билан жинсий алоқада бўлишга олиб кетаётганини билган.
Тергов ҳаракатларни Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисмининг «б» банди (ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан одам савдоси — 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) бўйича малакалади. Суд Олий суд Пленумининг одам савдосига оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисидаги қарорининг 5-бандига асосланиб, қилмишни Жиноят кодексининг 131-моддаси 4-қисмининг «а», «б» бандлари (Вояга етмаган шахсни жалб қилган ҳолда, такроран, хавфли рецидивист томонидан содир этилган қўшмачилик — 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) деб қайта малакалади: З. судланган шахсга мунтазам равишда қарам бўлмаган, унга молиявий жиҳатдан қарам бўлмаган ва ҳодисаси биринчи ва ягона бўлганлиги сабабли, одам савдоси унсурлари исботланмаган деб топилди.
2026 йил январь ойида Усмонхўжаевага 4 йил 6 ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди, жазо Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) билан енгиллаштирилди.
«Тасвирланган схема (ҳимоясиз ўсмир билан танишув, қонуний иш таклиф қилиш, оилавий қарамликни яратиш билан бирга бир неча кун бирга сафар қилиш ва аста-секин ишончга кириш) болани жинсий эксплуатацияга тайёрлашга қаратилган классик грумингни ифодалайди — аммо Ўзбекистонда груминг жиноят деб тан олинмайди», — деб ёзади Nemolchi.uz асосчиси Ирина Матвиенко.
«Шубҳасиз, суд таянган Пленум қарорида катталар ва вояга етмаган жабрланувчилар ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ: тизимлилик, молиявий қарамлик ва эркинликни чеклаш мезонлари жабрланувчининг ёшидан қатъи назар, тенг қўлланилади. Суд З.нинг Усмонхўжаевага жабрланувчининг ёши ва улар ўртасидаги ҳокимият ассиметрияси нуқтаи назаридан расмий равишда „розилик билдирганини“ ҳисобга олмади», — дея қайд этди у.
«Бундан ташқари, — дея давом этди ҳуқуқ ҳимоячиси, — қарорда қўшмачилик ҳолатида жабрланувчи „шахс ўзининг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига нисбатан барча ҳуқуқларини сақлаб қолади ва улардан фойдаланишда тўла мустақил бўлади“ деб аниқ кўрсатилган. Вояга етганларга нисбатан бу ифода ҳали чегарани ажратиш мезони сифатида ишлаши мумкин. Вояга етмаганларга нисбатан эса у ҳуқуқий асосдан маҳрум: бола ёши туфайли тўлиқ муомала лаёқатига эга эмас ва ҳатто унинг эркинлиги жисмонан чекланмаган тақдирда ҳам, катта ёшли шахсга нисбатан табиатан ҳимоясиз ҳолатда бўлади».
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг Болалар савдоси, болалар фоҳишабозлиги ва болалар порнографиясига тааллуқли Факультатив протоколи (Ўзбекистон унга 2008 йилда қўшилган) болани жинсий эксплуатация мақсадида мукофот эвазига бериб юборишнинг ўзи, эпизодлар сони, қарамлик даражаси ва мажбурлашнинг мавжудлиги ёки йўқлигидан қатъи назар, жиноят деб ҳисобланади.
«Миллий амалиёт ҳали бу стандартга жавоб бермайди. Натижада, ишлар қайта таснифланади, жазолар юмшатилади ва болалар етарли ҳимоясиз қолади», — дея таъкидлади Ирина Матвиенко.
Яқинда Gazeta Хоразм вилоятидаги фоҳишахонада эксплуатация қилинган 15 ёшли қиз ҳақида ёзганди (бу ҳолатни ҳам Nemolchi.uz ошкор қилган). Боладан фойдаланиш учун пул тўлаган эркаклар жазодан қутулиб қолган. Ирина Матвиенко эркакларга нисбатан иш нима учун тергов босқичидаёқ тугатилганини таҳлил қилган эди.
2023 йил 31 март куни Nemolchi.uz лойиҳаси Хоразм вилоятидаги меҳрибонлик уйи мудираси камида 10 ой давомида уч нафар тарбияланувчисини жинсий хизматлар кўрсатишга таклиф қилиб келгани ҳақида хабар берганди.
Вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ва туман фавқулодда вазиятлар бўлими раҳбари қизлар билан жинсий алоқада бўлган (яна уч киши гувоҳ сифатида ўтган, бироқ улар жавобгарликка тортилмаган). 2022 йилда бўлиб ўтган суд мажлисида меҳрибонлик уйи мудираси ва икки нафар айбланувчи «қизлар бу ишни ўз хоҳиши билан қилгани ва уларни ҳеч ким мажбурламагани»ни айтган. Суд ҳукми билан мудира 5,5 йилга озодликдан маҳрум этилган, икки эркакка эса 1,5 йиллик озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Жамоатчиликнинг кескин эътирозларидан сўнг, иш қайта кўриб чиқишга юборилган. Уларга 3 йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Кейинроқ уларнинг жазони манзил-колонияда ўтаётгани маълум бўлди.
