• Чт. Июн 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Март ойидаги қисқаришдан сўнг Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 1 май ҳолатига 70,9 млрд долларгача ортди


Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2026 йил 1 май ҳолатига 70,9 млрд долларгача кўпайди. Бу Марказий банк маълумотларидан келиб чиқади.

Март ойида захиралар ҳажми 8,1 млрд долларга (-10,5 фоиз) қисқариб, 68,99 млрд долларни ташкил этганди. Бунга дунё бозорида олтин нархининг тушиб кетгани асосий сабаб бўлди.

Апрелда захиралар ўсиши асосан хорижий валютадаги активлар ҳажми ортиши ҳисобига тиклана бошлади. Хусусан, йил бошидан буён камайиб келаётган хорижий валютадаги активлар ой давомида 1,15 млрд долларга кўпайди.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотлари асосида Gazeta тайёрлади.

Март ойида захиралардаги олтиннинг қиймати 6,8 млрд долларга — 60,8 млрд долларгача камайган эди. Апрелда бу кўрсаткич 61,6 млрд долларгача ўсди (+0,7 млрд доллар). Айни пайтда олтиннинг физик ҳажми 13,4 млн трой унсиядан 13,3 млн трой унсиягача камайди.

Халқаро стандартларга кўра, Ўзбекистон захиралари даражаси жуда юқорилигича қолмоқда. Марказий банк аввалроқ захиралар таркибида олтин улушининг юқорилиги активларни бошқаришдаги консерватив ёндашувни акс эттиришини таъкидлаган эди. Шу билан бирга, регулятор қимматбаҳо металлар нархининг ўзгарувчанлиги билан боғлиқ хатарларни ҳисобга олган ҳолда, портфелни босқичма-босқич диверсификация қилишни бошлади.

Халқаро захиралар макроиқтисодий барқарорликнинг асосий воситаси бўлиб қолмоқда. Улар миллий валюта курсининг тебранишларини юмшатиш, ташқи мажбуриятларга хизмат кўрсатиш, инқирозли вазиятларда импортни молиялаштириш ҳамда иқтисодиётни ташқи шоклардан — хомашё нархларининг тушишидан тортиб, молия бозорларидаги турбулентликкача бўлган хавфлардан ҳимоя қилиш имконини беради.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *