Андижон вилоятининг Избоскан туманида 58 нафар тарбияланувчини микроавтобусда олиб кетаётган ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳолат болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган махсус рейдлар давомида аниқланган.

Маълум қилинишича, 6 май куни Ўрта қишлоқ маҳалласида ҳайдовчи Қ.З. King Long русумли микроавтобусда «Хадичабегим» давлат-хусусий шериклик асосидаги таълим муассасасининг 58 нафар тарбияланувчисини олиб кетаётган вақтда тўхтатилган.

Ҳолат юзасидан ҳайдовчига нисбатан Йўл ҳаракати қоидаларининг «Одам ташиш» талабларини бузгани учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128 прим 8-моддаси асосида баённома тузилган. Шунингдек, ҳайдовчи ва таълим муассасаси раҳбарияти билан профилактик суҳбат ўтказилган.

Аввалроқ 1−8 май кунлари болаларни транспортда меъёрдан ортиқ ташиш билан боғлиқ 125 та ҳолат аниқланганди. ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошевга кўра, айрим ҳолатларда Damas’ларда 25−28 нафаргача, Spark автомобилларида эса 18 нафаргача бола ташилган.