• Чт. Июн 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Шавкат Мирзиёев Хотира ва қадрлаш куни билан табрик йўллади


Президент Шавкат Мирзиёев Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 81 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига табрик йўллади. Табрик матни президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Табрикда уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийлари ва Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбийлар хотирасига эҳтиром билдирилди.

«Ушбу унутилмас кунда, аввало, жанг майдонларида тенгсиз жасорат кўрсатиб, инсониятни фашизм балосидан халос этишга муносиб ҳисса қўшган қаҳрамон ота-боболаримизнинг сўнмас хотираси олдида бош эгиб, таъзим қиламиз. Бугунги кунда орамизда соғ-омон яшаб келаётган уруш ва меҳнат фахрийлари, нуроний отахон ва онахонларимизга юксак эҳтиромимизни изҳор этамиз», — деди президент.

Иккинчи жаҳон урушида ўша даврда 6,8 миллион аҳолига эга Ўзбекистондан 1 миллион 950 минг нафар киши қатнашган. Уларнинг ярим миллиондан ортиғи ҳалок бўлган, 158 мингдан зиёд киши бедарак йўқолган, 60 мингдан ортиқ юртдош ногирон бўлиб қайтган.

Президент уруш йилларида Ўзбекистон фронт ортидаги муҳим таянчга айлангани, республика 1,5 миллиондан зиёд эвакуация қилинган инсонни, жумладан, 250 минг нафар етим болани қабул қилганини таъкидлади.

«Ўша оловли йилларда халқимиз „Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун!“ деб кечаю кундуз буюк сафарбарлик руҳи билан яшади. Ўзбекистон фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланди. Инсонпарварликни буюк қадриятга айлантирган халқимиз уруш ҳудудларидан кўчириб келтирилган 1 миллион 500 мингдан ортиқ инсонга, жумладан, ота-онаси ва оиласидан жудо бўлган 250 минг нафар болага бошпана бериб, уларга меҳр-оқибат кўрсатди», дейилади табрикномада.

Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, жорий йилда байрам муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 30 миллион сўмдан пул мукофоти берилган. Шунингдек, уларни даволаш ва дам олдириш бўйича имтиёзли тизим амал қилиб келмоқда.

«Бугунги ғоят таҳликали замоннинг ўзи барчамиздан жамиятимиздаги тинчлик ва барқарорлик, миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги дўстлик ва тотувлик муҳитини янада қадрлаб яшашни талаб этмоқда. Ҳеч қачон унутмайлик, миллий бирлик ва ҳамжиҳатлик — бизнинг бебаҳо бойлигимиз, барча ютуқ ва ғалабаларимизнинг мустаҳкам асосидир», — деди давлат раҳбари.

Табрик сўнгида давлат раҳбари жамиятда тинчлик, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни асраш муҳимлигини таъкидлаб, ўзбекистонликларни байрам билан қутлади.

«Сизларни, ҳурматли фахрийларимизни, бутун эл-юртимизни яна бир бор чин дилдан қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик ва хотиржамлик, файзу барака тилайман. Меҳнаткаш ва донишманд халқимиз ҳамиша омон бўлсин! Эзгу ишларимизда Яратганнинг ўзи қўллаб-қувватласин! Хотира ва қадрлаш айёми барчамизга муборак бўлсин!», — деди Шавкат Мирзиёев табрик якунида.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *