Ўзбекистонда банклардан 500 АҚШ долларигача бўлган нақд чет эл валютасини шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз олиш мумкин бўлади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram каналида хабар берилди.
Бу бўйича Адлия вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган идоралараро ҳужжат 8 май куни давлат рўйхатидан ўтказилди.
Янги тартибга кўра, мижозлар 500 долларгача бўлган валютани паспорт, ID-карта ёки уларнинг ўрнини босувчи бошқа ҳужжатларсиз олиши мумкин.
Мазкур ўзгаришлар 3 ойдан кейин кучга киради. Ҳозирда амалдаги тартиб бўйича ҳужжатсиз олиш мумкин бўлган сумма 100 АҚШ долларини ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил давомида Ўзбекистонда фуқаролар сотиб олганларидан кўра кўпроқ валюта сотган. Ўртадаги фарқ 9,7 млрд долларгача (+44,2%) ўсди ва бозорда қўшимча валюта манбаига айланди.
