• Чт. Июн 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

АҚШ ва Эрон Ҳурмуз бўғозида ўзаро зарбалар алмашди. Трамп сулҳ ўз кучида қолишини айтди – Gazeta


АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) 7 май куни ўзининг учта ракета эсминеци Эрон томонидан «асоссиз» ҳужумга учраганини маълум қилди.

CENTCOM маълумотларига кўра, кемалар Ҳурмуз бўғозидан Уммон қўлтиғи йўналиши бўйлаб халқаро сувларда ҳаракатланаётган вақтда Эрон ракеталари, дронлари ва кичик катерлари зарбасига дуч келган. АҚШ бунга жавобан Эроннинг ракета ва дрон учириш қурилмалари, қўмондонлик марказлари ҳамда кузатув объектларига зарбалар берди, дейилади хабарда.

CNN нашрининг ўз манбасига таяниб ёзишича, АҚШ Эроннинг Кешм оролидаги порти ва Бандар-Аббос шаҳрига зарбалар йўллаган.

Эрон ҳарбий қўмондонлиги эса АҚШни ўт очишни тўхтатиш режимини бузишда, Эрон нефть танкери ва яна бир кемага зарба беришда, шунингдек, Ҳурмуз бўғозидаги Кешм ороли ва материкдаги яқин атрофдаги соҳилбўйи ҳудудларининг фуқаролик районларига ҳаводан зарбалар йўллашда айблади.

Reuters`нинг таъкидлашича, эскалация Вашингтон Теҳрондан бир неча кун олдин Эрон томонига топширилган урушни тўхтатиш ҳақидаги таклифига жавоб кутаётган бир пайтда юз берган.

АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШнинг уч эсминеци Ҳурмуз бўғози орқали ўтаётганда ҳужумга учраганини тасдиқлади, бироқ уларга зарар етмаганини билдирди. У «эронлик ҳужумчиларга катта талафот етказилгани ва улар бутунлай йўқ қилинганини» қўшимча қилди.

«Нормал мамлакат бу эсминецларни ўтказиб юборган бўларди, лекин Эрон нормал мамлакат эмас. Уларни аҳмоқлар бошқармоқда ва агар уларда ядро қуролини қўллаш имконияти бўлганида, ҳеч иккиланмай буни амалга оширган бўларди. Бироқ уларда ҳеч қачон бундай имконият бўлмайди ва худди бугун уларга яна зарба берганимиз каби, агар улар келишувни имкон қадар тезроқ имзоламаса, янада кучлироқ ва шафқатсизроқ зарба берамиз!» — деб ёзди Оқ уй раҳбари.

Бироқ кейинроқ Трамп журналистларга икки мамлакат ўртасидаги сулҳ ўз кучида қолаётганини маълум қилди.

«Сулҳ давом этмоқда. У амал қиляпти», — деди у. АҚШ президенти ўзаро зарбаларни «муҳаббат тарсакиси» деб атади.

АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга қарши уруш бошлаганди. Теҳрон деярли дарҳол жаҳон нефтининг 15−20 фоизи ўтадиган Ҳурмуз бўғозини тўсиб қўйди. Кейинроқ Вашингтон Эрон портлари блокадаси бошланганини эълон қилди. 8 апрелдан буён АҚШ ва Ирон ўртасида вақтинчалик сулҳ амал қилмоқда, бироқ томонлар мунтазам равишда бир-бирларини уни бузишда айблаб келмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *