Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Сарвар Каримовга оид жиноят иши юзасидан олиб борилган суд муҳокамалари якунига етди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари ахборот хизматида хабар берилди.
Маълум қилинишича, Сарвар Каримов Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» банди, 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми ва 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси ҳамда БҲМнинг 410 баравари (168 млн 920 минг сўм) миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Ҳукмга кўра, тайинланган жазолар алоҳида-алоҳида ижро этилади. Шунингдек, жабрланувчи Ш. А.га етказилган моддий зарар қоплангани таъкидланган.
Судда жабрланувчилар Ш. А. ва Ф.Р.га етказилган моддий ва маънавий зарар бўйича фуқаролик тартибида даъво киритиш ҳуқуқи тушунтирилган. Ҳукм устидан юқори суд инстанциясига шикоят қилиш мумкинлиги айтилган.
