Tashkent Flowers Fest 2026 байрами бу йил ҳам Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ёнидаги майдонда ташкил этилмоқда. Gazeta 7−9 май кунлари бўлиб ўтаётган ушбу анъанавий фестивалдан фоторепортаж тайёрлади.
Пойтахт ҳокимлиги ахборот хизматининг Gazeta`га маълум қилишича, фестиваль «жамият эътиборини экологик тарбия, табиатни муҳофаза қилиш, ёшларда экологик онгни шакллантириш ва „яшил“ шаҳар муҳитини ривожлантириш масалаларига қаратиш» мақсадида ўтказилмоқда.
«Қолаверса, Тошкентнинг сайёҳлик жозибадорлигини ошириш орқали пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун бепул ва мазмунли маданий ҳордиқ муҳитини яратиш, жамоат масканларидан самарали фойдаланиш, гулчилик, ландшафт дизайни ва кўкаламзорлаштириш маданиятини тарғиб қилиш ҳам мақсад қилинган», — дейилади хабарда.
Фестиваль ўткаётган майдонда декоратив ландшафтлар яратиш учун 2 миллион гул ва бута ишлатилган. Гул туннеллари, осма гуллар ва инсталятсиялар учун эса 18 минта бутадан фойдаланилган.
Майдон марказида Янги Ўзбекистон боғидаги «Мустақиллик монументи» шаклидаги гуллардан ясалган композицияни, шунингдек, гуллар билан безатилган динозаврлар, капалак, товус, арава, ретро автомобиллар ва 18 метрлик самолёт композицияларни кўриш мумкин.
Тадбир мобайнида санъаткорлар иштирокида концертлар, маданият марказлари ҳамда бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг чиқишлари намойиш этилмоқда. Ҳунармандлар яратган маҳсулотлар ва миллий таомлар кўргазмалари ҳам йўлга қўйилган.
Ҳокимликнинг маълум қилишича, ўтган йили фестивалга 100 мингдан зиёд хорижий ва маҳаллий турист ташриф буюрган. Бу сафар улар сони 150 мингга етиши кутилмоқда.
Фото:





































