• Чт. Июн 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Апрелда Ўзбекистонда йиллик инфляция 7 фоизгача секинлашди. Ой ва йил давомида нархлар қандай ўзгарди?


Апрелда Ўзбекистонда ойлик инфляция кўрсаткичи ўзгаришсиз сақланиб, 0,6 фоизни ташкил этди. Бу Миллий Статистика қўмитаси маълумотларидан келиб чиқади.

Йиллик ҳисобда нархлар ўсиши 7 фоизгача секинлашди (март ойида — 7,1 фоиз). Ўтган йилнинг март ойида йиллик инфляция 10,1 фоизни (ойлик кўрсаткич 0,7 фоиз) ташкил қилган эди.

Йиллик ҳисобда суғурталаш ва молиявий хизматлар (2025 йил апрель ойига нисбатан +41,7 фоиз), турар жой ва коммунал хизматлар (+17,2 фоиз), ресторан ва меҳмонхона хизматлари (+8,6 фоиз) энг кўп қимматлашди. Таълим хизматлари (+1,7 фоиз), уй-рўзғор буюмлари (+2,3 фоиз) ҳамда кийим ва пойабзал нархлари (+2,6 фоиз) энг секин ўсди.

Йил бошидан бери суғурта ва молиялаш хизматлари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари энг тез ўсди.

инфляция, миллий статистика қўмитаси

Озиқ-овқат маҳсулотлари

Ой давомида асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан қўй гўшти — 3,7 фоизга (2025 йил апрель ойига нисбатан +20,3 фоиз), суякли мол гўшти — 3,2 фоизга (+16,6 фоиз), суяксиз мол гўшти — 3,2 фоизга (+17,3 фоиз), гўшт қиймаси — 2,9 фоизга (+14,1 фоиз), шакар — 2,2 фоизга (+2,1 фоиз), тирик ва совутилган балиқ — 2,0 фоизга (+6,2 фоиз), ўсимлик ёғи — ўртача 0,8 фоизга (+10,6 фоиз) ва сут нархлари ўртача 0,4 фоизга (+5,6 фоиз) ошди.

Қўмитанинг аниқлик киритишича, апрель ойида импорт мол гўшти нархларида бир кг учун 5 000 сўмдан 15 000 сўмгача бўлган оралиқда ўсиш, маҳаллий мол гўшти нархларида бир кг учун 2 000 сўмдан 5 000 сўмгача бўлган оралиқда ўсиш кузатилди.

Ой давомида асосан тухум — 3,6 фоизга (2025 йил апрель ойига нисбатан +16,7 фоиз), гуруч ва гуруч оқшоғи — 1,1 фоизга (-12,8 фоиз), парранда гўшти — 1,2−1,3 фоиз оралиғида (+4,6 — +5,7 фоиз) нархлари пасайди.

Асосий мева-сабзавот маҳсулотларидан булғор қалампири — 10,3 фоизга (2025 йил апрель ойига нисбатан -4,0 фоиз), картошка — 6,5 фоизга (+18,9 фоиз), олма — 4,5 фоизга (+23,3 фоиз), сабзи — 3,2 фоизга (-10,4 фоиз) қимматлашди. Бодринг — 26,1 фоизга (-8,9 фоиз), кўкатлар — 3,3 фоизга (-4,5 фоиз), пиёз — 2,7 фоизга (-21,5 фоиз), помидор — 2,4 фоизга (-7,7 фоиз), карам — 2,4 фоизга (-9,8 фоиз), банан — 1,3 фоизга (+3,9 фоиз) арзонлашди.

Транспорт

Ой давомида бензин нархлари 1,4 фоизга (2025 йил апрель ойига нисбатан +11,2 фоиз) ошди. Бунда, бензиннинг АИ-92 маркаси — 1,6 фоизга, АИ-95 маркаси — 0,9 фоизга, АИ-98 ва АИ-100 маркалари эса — 0,2 фоизга қимматлашди. Пропаннинг нархи ой давомида 2,8 фоизга (+16,7 фоиз) арзонлашиб, 1 литр учун юқори нарх чегараси 7 000 сўмни ташкил этди. Метан нархи 0,7 фоизга (+27,9 фоиз) ошиб, 1 м.куб учун юқори нарх чегараси 5 400 сўмни ташкил этди.

Автотураргоҳлар хизмати 0,8 фоизга (+11,8 фоиз) қимматлашди.

Йўловчи ташиш транспорти хизматлари бўйича нархлар ўсиши қуйидагича кузатилди:

  • халқаро авиақатновлар — 2,6 фоизга (-7,9 фоиз);
  • маҳаллий авиақатновлар — 2,3 фоизга (-13,1 фоиз);
  • шаҳар автобусларида йўл ҳақи — 1,6 фоизга (+16,4 фоиз);
  • узоқ масофага қатновчи поездлар — 1,4 фоизга (+13,6 фоиз).

Бошқа соҳалар

Апрелда асосий коммунал хизматлардан фақат маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тарифлар ўртача 2,4 фоизга (2025 йил апрель ойига нисбатан +28,0 фоиз) қимматлашди.

Ой давомида уй-жой ижараси тўлови 0,6 фоизга (+2,5 фоиз) ошди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *