Ўзбекистонда 1−8 май кунлари ўтказилган рейд тадбирлари давомида болаларни транспорт воситаларида меъёрдан ортиқ ташиш билан боғлиқ 125 та қоидабузарлик аниқланди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев маълум қилди.
Унинг айтишича, айрим ҳолатларда Damas русумли автомобилларда 23−25 нафаргача боғча боласи ташилган. Шунингдек, Spark автомобилларида 18 нафар болани олиб кетиш ҳолатлари ҳам кузатилган.
«Damas етти ўринли бўлса, 28 та бола — бу нима деган гап? Эртага бирор авария бўлса, ким жавоб беради?» — деди у.
Йўлдошевнинг таъкидлашича, бу каби ҳолатлар асосан хусусий ва оилавий боғчаларда кузатилмоқда. У болалар хавфсизлиги учун, аввало, ота-оналар масъул эканини қайд этди.
«Ота-оналар эътиборсизлик қилиб, фарзандларини шундай ҳолатда юборяпти», — деди ЙҲХХ вакили.
ЙҲХХ вакили бу муаммони ҳал қилиш учун маҳаллаларда тарғибот ишларини кучайтириш зарурлигини айтди. Унинг фикрича, ота-оналар билан тушунтириш ишларини фаолроқ олиб бориш керак.
Йўлдошев Мактабгача ва мактаб вазирлиги билан ҳамкорликда боғчалар орасида тарғибот ишлари олиб борилётгани, бундан ташқари, муаммони ҳал қилиш йўллари ҳам кўриб чиқилаётганини қайд этди.
Аввалроқ Навоий вилоятида 14 нафар боғча боласи бўлган Matiz ҳалокатга учради. Рулда ҳайдовчилик гувоҳномаси олмаган оилавий боғча раҳбари бўлган. Ҳодиса оқибатида аёл вафот этди, болалар турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.
