30 апрель куни Жиноят ишлари бўйича Риштон туман суди мактаб ўқитувчиси вояга етмаган ўқувчи қизга шаҳвоний шилқимлиқ қилгани бўйича маъмурий ишни кўриб чиқди. Gazeta суд ҳужжатини ўрганди.

Суд ҳужжатларига кўра, 1999 йилда туғилган ўқитувчи Д.И. 2026 йил 1 апрель куни соат 22:33 да Telegram орқали вояга етмаган ўқувчи қизга унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирловчи, шаҳвоний мазмундаги хабарлар юборган.

Суд мажлисида сўралган Д.И. қиз билан аввалдан таниш бўлганини ва у билан ёзишиб турганини айтган. Унинг кўрсатмасига кўра, 1 апрель куни Telegram орқали мулоқот вақтида қизга шаҳвоний характердаги хабар ёзган.

Ўқитувчи судда бу хабарларни қиз уни тинч қўйиши учун ёзганини билдирган. Шунингдек, қилган ишини хато деб тушунганини, айбига иқрор эканини ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини айтган.

Вояга етмаган жабрланувчи эса онаси иштирокида берган кўрсатмасида ҳақиқатдан ҳам мазкур мактабда ўқишини, Д.И. эса ўқитувчи эканини маълум қилган. Унинг айтишича, улар SMS орқали ёзишиб турган ва 1 апрель куни ўқитувчи унга Telegram орқали шаҳвоний характердаги хабар юборган. Жабрланувчи ўқитувчи бўла туриб шилқимлик қилгани учун унга нисбатан қонуний чора кўрилишини сўраган.

Суд қарори билан Д.И. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддаси 1-қисмида (Шаҳвоний шилқимлиқ қилиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди. Унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Шунингдек, ундан 309 минг сўм маъмурий қамоқ харажатлари ундирилиши белгиланди.