7 май куни президентнинг «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиши қабул қилинди.
Ҳужжат «Ўзбекистон — 2030» стратегияси ижросини таъминлаш ҳамда маъмурий жавобгарлик соҳасидаги қонунчиликни халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.
Фармойишга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг янги таҳрири ишлаб чиқилади. Бунинг учун идоралараро комиссия ва махсус ишчи гуруҳ тузилди.
Ҳужжатда маъмурий жавобгарлик соҳасини ислоҳ қилишнинг асосий устувор йўналишлари белгиланган. Жумладан:
- қонунчилик нормаларини тизимлаштириш ва унификация қилиш;
- замонавий шароитдан келиб чиқиб ҳуқуқбузарликларни қайта кўриб чиқиш;
- аҳамиятини йўқотган ҳуқуқбузарликларни бекор қилиш;
- давлат ва жамият манфаатларига таҳдид солаётган ҳуқуқбузарликлар учун янги жавобгарлик чораларини жорий этиш;
- маъмурий жазоларнинг мутаносиблигини таъминлаш ва муқобил жазо чораларини кенгайтириш;
- давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ваколатларини аниқлаштириш;
- инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган процессуал нормаларни такомиллаштириш;
- жабрланувчиларга етказилган маънавий зарарни қоплаш механизмларини жорий этиш;
- маъмурий ишлар бўйича суд назоратини кенгайтириш назарда тутилган.
Фармойишда маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва жазонинг профилактик таъсирини инобатга олиш муҳимлиги қайд этилган. Шу асосда жазо тизими қайта кўриб чиқилиши режалаштирилмоқда.
Адлия вазирлиги 2027 йил 1 апрелга қадар янги таҳрирдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиб, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишиши, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиши ҳамда Президент администрациясига киритиши керак.
Ишчи гуруҳ фаолиятини Адлия вазирлиги мувофиқлаштиради. Гуруҳ таркибига вазирлик ва идоралар мутахассислари, олимлар, маҳаллий ва хорижий экспертлар жалб қилиниши мумкин.
Фармойишга кўра, янги кодексни тайёрлаш жараёнида хорижий давлатлар тажрибаси ҳам ўрганилади. Бунинг учун учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари ва хорижий сафарлар ташкил этилиши белгиланган.
Шунингдек, халқаро ташкилотлар ва хорижий экспертларнинг эксперт-техник ҳамда молиявий кўмаги жалб қилиниши режалаштирилган.
