61-Венеция замонавий санъат биенналеси кенг жамоатчилик учун расман очилди. Бу йил дунёдаги энг нуфузли санъат воқеаларидан бирида тарихда илк бор 100 та давлат иштирок этмоқда.
Глобал санъат майдонида 2022 йилда дебют қилган Ўзбекистон, бу гал миллий павильон ичида The Aural Sea лойиҳасини тақдим этмоқда. Ушбу кўргазма тасаввур кучидан восита сифатида фойдаланган ҳолда, Қорақалпоғистондаги Орол денгизи минтақаси тажрибасини қайта англашга бўлган уринишдир.
Бундай ёндашув 1960 йилларда қишлоқ хўжалигини суғориш мақсадида Амударё ва Сирдарё ўзанларининг кенг миқёсда ўзгартирилиши натижасида келиб чиққан экологик ҳалокатни инкор этмайди. Аксинча, ташриф буюрувчиларга ўтмишнинг аччиқ сабоқларидан олинган билимларга асосланган ҳолда Оролнинг келажаги ҳақида мулоҳаза юритиш таклиф этилади.
Миллий павильон лойиҳаси жамғарманинг халқаро таълим ташаббуси — Бухоро биенналеси кураторлик мактабининг илк битирувчилари томонидан ишлаб чиқилди. Жамоа таркибидан Азиза Изамова ва Камила Мухитдинова (Ўзбекистон), Софи Майуко Арни (Швейцария), Нико Сун (Хитой) ва Тхай Ха (Вьетнам) ўрин олди.
Кураторларнинг йўналиши ва ёндашуви Венеция биенналесининг In Minor Keys («Минор оҳангларида») деб номланган асосий мавзуси билан ҳамоҳангдир. Лойиҳадан кўзланган асосий ғоя — эътиборни глобал ҳикоялардан «оҳиста» амалиётларга кўчириш, шахсий тажриба ва ҳис-туйғуларга юзланишдир, бу эса ўз навбатида ўзгача идрокни талаб этади.
Ўзбекистон миллий павильонида мулоқот қилишнинг асосий воситаси — қулоқ тутиш ҳисобланади. Экспозицияси Ўзбекистон, Хитой, Япония, Вьетнам ва Буюк Британия ижодкорларининг асарларидан ташкил топган кураторлар ҳамда рассомлар муҳим саволлар: кескин трансформацияни бошдан кечирган ландшафтга қулоқ тутиш нимани англатади ва ўзгарган дунёда яшаётган авлодлар овозини тинглаб, нимани ўрганиш мумкин кабиларни ўртага ташлайди.
Орол мавзусига тўхталиб ўтилиши миллий павильоннинг Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан Оролбўйи минтақасида олиб борилаётган узоқ муддатли ишларнинг бир қисми эканлигини яна бир бор таъкидлайди. Ушбу фаолият ҳудуднинг маданий хотирасини сақлаш, унинг салоҳиятини англаш ва ривожлантиришга қаратилган таълим дастурлари ҳамда маданий ташаббусларни ўз ичига олади.
The Aural Sea кўргазма лойиҳаси 22 ноябрга қадар ташриф буюрувчилар учун очиқ бўлади.