АҚШ ва Эрон ўртасида икки ойдан ортиқ давом этаётган можарони тўхтатиш бўйича музокараларда ҳозирча силжиш кузатилмаяпти, дея хабар бермоқда «Reuters». Шу билан бирга, Қатарнинг суюлтирилган газ ташувчи танкери Ҳўрмуз бўғози томон ҳаракатланаётгани минтақа атрофидаги геосиёсий босимни янада кучайтирди.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио Вашингтон Теҳрондан янги таклифларга яқин соатларда жавоб кутаётганини айтган. Аммо орадан бир кун ўтганига қарамай, Эрон томонидан расмий муносабат билдирилмади. Таклиф можарони расман тўхтатиш ва кейинчалик ядро дастури каби баҳсли масалалар бўйича музокараларни бошлашни назарда тутади.
Шанба куни Марко Рубио Майамида Қатар бош вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон ал-Соний билан учрашди. АҚШ Давлат департаментига кўра, мулоқотда Яқин Шарқда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинган.
Шу куни Қатарнинг суюлтирилган газ ташувчи танкери Покистонга йўл олиб, Ҳўрмуз бўғозига киргани маълум бўлди. Манбаларга кўра, ушбу ҳаракат Қатар ва Покистоннинг воситачилик саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Эрон томонидан маъқулланган.
Сўнгги кунларда Ҳўрмуз бўғози атрофида тўқнашувлар яна кучайди. Эрон оммавий ахборот воситалари Эрон кучлари ва АҚШ кемалари ўртасида маҳаллий тўқнашувлар бўлганини хабар қилди. АҚШ ҳарбийлари эса Эрон билан боғлиқ икки кемани тўхтатганини маълум қилди.
Эрон можаро бошланганидан бери Ҳўрмуз орқали Эронники бўлмаган кемалар ҳаракатини чеклаб келмоқда. Урушгача дунё нефтининг қарийб бешдан бир қисми айнан шу сув йўли орқали ташилган.
Доналд Трамп келаси ҳафта Хитойга ташриф буюриши арафасида Вашингтонга можарони тезроқ бартараф этиш бўйича босим ортиб бормоқда. Энергия бозорларидаги беқарорлик эса жаҳон иқтисодиёти учун хавотирларни кучайтирмоқда.
Шу билан бирга, АҚШ Эронга қарши санкцияларни кенгайтирди. Янги чекловлар Эроннинг ҳарбий дрон дастурларига кўмаклашган бир қатор компания ва шахсларга нисбатан жорий этилди.