8 май куни Япония Иммиграция хизматлари агентлиги мамлакатда ноқонуний равишда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаросини депортация қилди.
Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, ўзбекистонлик фуқаро Японияга қисқа муддатли бизнес визаси билан кириб келган ва рухсат этилган бўлиш муддати тугаганидан кейин ҳам мамлакатда қолган.
«„Туризм“, „Бизнес“, „Қариндошлар ёки танишларни йўқлаш“ каби мақсадларда бериладиган қисқа муддатли визалар меҳнат фаолияти билан шуғулланиш учун мўлжалланмаган. Ушбу виза билан мамлакатда ишлаш ва узоқ муддат қолиш тақиқланади», — дея эслатди элчихона.
Ноқонуний бўлиш ёки ноқонуний ишга жойлашиш ҳолатлари аниқланса, қоидабузарлар полиция томонидан ушланади ва ҳибсга олинади, шунингдек, Иммиграция марказида сақлаш ва депортация қилиш каби қатъий чоралар кўрилади. Бундан ташқари, Япония ҳукумати қоидабузарлар ҳақидаги маълумотларни Ўзбекистон ҳукуматига тақдим этади ва улар Ўзбекистонга қайтгач, тегишли чоралар кўрилиши мумкин, деб қайд этди дипломатик миссия.
«Шу сабабли, „Японияда ишлаш мумкин“ деган турли таклифларга осонгина ишониб қолмаслик учун огоҳ бўлишингизни сўраймиз», — дейилади элчихона хабарида.
26 апрель куни ҳам Япониядан икки нафар Ўзбекистон фуқароси депортация қилинган эди. Уларнинг бири «Талаба» визаси билан келган, бироқ олий ўқув юртидан четлатилганидан кейин ноқонуний равишда қолиб, қўлга олинган. Иккинчиси эса қисқа муддатли виза билан кириб келган ва рухсат этилган муддат тугаганидан кейин ҳам Японияда қолишни давом эттирган.
