Ўзбекистон Тошкент—Самарқанд юқори тезликдаги темир йўл магистралини Хивагача узайтириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев Самарқандда бўлиб ўтган Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 59-йиллик йиғилиши доирасида маълум қилган.
Унинг айтишича, узунлиги тахминан 300 километр бўлган Тошкент—Самарқанд участкаси бўйича лойиҳалаштириш ишлари якунланган. Янги магистрал ишга тушса, мазкур йўналишдаги сафар вақти ҳозирги 2 соат 30 дақиқадан 1 соат 40 дақиқагача қисқариши мумкин.
Вазир ўринбосари магистрални Хивагача давом эттириш масаласи ҳозирча муҳокама босқичида эканини билдирди. Унинг таъкидлашича, мавжуд транспорт тизими кенгайтиришни талаб қилмоқда ва бу ғоя истисно қилинмайди.
Расмий маълумотларга кўра, лойиҳа амалга оширилса, Тошкент ва Хива ўртасидаги сафар вақти ҳозирги 7,5 соатдан тахминан 5 соатгача қисқариши мумкин.
Жасурбек Чориев ушбу йўналишда «Hyundai Rotem» компанияси ишлаб чиқарган поездлардан фойдаланиш эҳтимоли борлигини айтди. Шу билан бирга, бошқа турдаги ҳаракат таркиблари ҳам кўриб чиқилаётгани қайд этилди.
Маълум қилинишича, лойиҳанинг асосий қисми темир йўл инфратузилмасини янгилаш ва юқори тезликка мослаштиришдан иборат бўлади.
Апрел ойи охирида Жанубий Корея компаниялари консорциуми Тошкент—Самарқанд тезюрар темир йўли бўйича техник-иқтисодий асосланишнинг якуний ҳисоботини тақдим этган эди.
Транспорт вазирлиги ҳужжатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш устида иш олиб бораётгани, шундан сўнг тендер жараёнлари бошланиши мумкинлиги айтилмоқда. Қурилиш ишлари 2026 йилнинг ўзида старт олиши эҳтимоли ҳам бор.
Шу билан бирга, 5 майдан Тошкент ва Хива ўртасида «Hyundai Rotem»нинг «Жалолиддин Мангуберди» юқори тезликдаги поезди қатнови йўлга қўйилди. Етти вагонли таркиб соатига 250 километр тезликка чиқа олади.