• Чт. Июн 18th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Бухорода 40 нафар боғча боласини маст ҳолда ташиган автобус ҳайдовчиси жазоланди


Бухоро вилоятида мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиларини маст ҳолатда ташиган автобус ҳайдовчисига нисбатан суд ҳукми ўқилди, дея хабар бермоқда вилоят ЙҲХБ.

28 апрель куни Ромитан туманида ЙПХ ходимлари томонидан йўловчи ташувчи Isuzu автобуси тўхтатилган. Текширув давомида ҳайдовчининг маст ҳолатда экани ҳамда салонда 40 нафар боғча боласини олиб кетаётгани маълум бўлган.

Шунингдек, ҳуқуқбузар ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармаган. Мазкур ҳолат юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида ҳайдовчи ўз айбига иқрор бўлиб, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган.

Суд уни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси 1-қисми (Маст ҳолда бошқариш), 194-моддаси 1-қисми (Қонуний талабни бажармаслик) ва 128−8-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топди.

Қарорга кўра, ҳайдовчи 3 йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Шунингдек, унга БҲМнинг 40 баравари — 16 млн 480 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

ЙҲХБ ушбу ҳолат юзасидан ота-оналарни ҳушёрликка чақириб, болалар хавфсизлигига бефарқ бўлмасликни сўради.

Аввалроқ Навоийнинг Нурота туманида 14 нафар боғча боласи бўлган Matiz ҳалокатга учраганди. Рулда ҳайдовчилик гувоҳномаси олмаган оилавий боғча раҳбари бўлган. Ҳодиса оқибатида аёл вафот этди, болалар турли тан жароҳатлари билан шифохонага етказилган.

Шундан сўнг ЙҲХХ 1−8 май кунлари болаларни транспортда меъёрдан ортиқ ташиш билан боғлиқ 125 та ҳолатни аниқлаганди. Идора ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошевга кўра, айрим ҳолатларда Damas’ларда 25−28 нафаргача, Spark автомобилларида эса 18 нафаргача бола ташилган.

Хусусан, Андижоннинг Избоскан туманида 58 нафар боғча боласини микроавтобусда олиб кетаётган ҳайдовчи тўхтатиб қолинди. Ҳолат бўйича ҳайдовчига жарима қўлланилиб, таълим муассасаси раҳбарияти билан профилактик суҳбат ўтказилган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *