Кувайтнинг Ўзбекистондаги янги элчиси ўз фаолиятини бошлади, деб хабар бермоқда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов янги тайинланган элчи Турки Холид Ҳамад ал-Микраддан ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилди.
Қайд этилишича, ўзаро суҳбатда Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.


«Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил февраль ойида Кувайтга амалга оширган давлат ташрифи икки томонлама муносабатларимизни янги босқичга олиб чиққанини қайд этдик», — деб ёзди вазир.
Шунингдек, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Вазир элчига Ўзбекистондаги фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Маълумот учун, Кувайт Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 30 декабрда тан олган. Икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар 1994 йил июлда ўрнатилган. Кувайт элчихонаси Тошкентда 2001 йилда, Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчихонаси эса 2004 йилда очилган.
2024 йилда Аюбхон Юнусов Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчиси этиб тайинланган эди.


