Энергетика Ўзбекистон трансформациясининг асосий йўналишларидан бирига айланмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев 12 май куни Тошкентда Ўзбекистон энергетика ҳафталиги — 2026 (UEW 2026) очилишида маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда соҳага қарийб 35 млрд доллар тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилинган, 9 ГВт янги генерация қувватлари ишга туширилган, электр энергияси ишлаб чиқариш эса қарийб 40 фоизга ошган.
Мамлакатдаги умумий ўрнатилган генерация қуввати қарийб 26 ГВтга етган. Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми эса 60 млрд кВт/соатдан 85 млрд кВт/соатгача ошган.
Бош вазир ўринбосари энергетика «рақобатбардошликни шакллантириши, инфратузилмани мустаҳкамлаши ва ҳудудларни боғлаши», шунингдек бугун «миллий барқарорлик ва узоқ муддатли хавфсизликнинг асосий таянчларидан бири» эканини таъкидлади.
«Кўп йиллар давомида Ўзбекистонда энергетика асосан чеклов сифатида қабул қилинар эди. Бугун бизнинг мақсадларимиз бошқача. Биз энергетика Ўзбекистоннинг энг кучли устунликларидан бирига айланишини хоҳлаймиз — уй хўжаликлари, минтақавий ҳамкорлик ва, албатта, яшил трансформация учун», — деди у.
Хўжаев «яшил» энергетикани ривожлантиришни алоҳида устувор йўналиш сифатида атади. Унинг айтишича, Ўзбекистонда қуёш ва шамол энергетикаси қуввати 5,5 ГВтдан ошган, гидроэнергетика билан бирга тоза энергиянинг умумий энергобалансдаги улуши қарийб 30 фоизга етган.
«Бу жуда катта ўзгариш. Биз энди энергетик трансформация ҳақида шунчаки ўйламаяпмиз — биз уни барпо этяпмиз», — деди у.
Шу билан бирга, бош вазир ўринбосарининг таъкидлашича, фақат янги генерация қувватларининг ўзи етарли эмас. Замонавий энерготизим «ишончли, мослашувчан ва яхши режалаштирилган» бўлиши, қайта тикланувчи энергия манбаларини интеграция қила олиши, саноат ва аҳолини узилишларсиз таъминлаши, шунингдек инвесторларга катта кўламли йирик лойиҳаларни тармоққа улаш имконияти бўйича ишонч бериши керак.
«Бошқача айтганда, биз фақат электр станциялари қурмаяпмиз — улар атрофида тўлиқ энергетик экотизим яратяпмиз», — деди Ходжаев.
Унинг маълум қилишича, мамлакатда 69 минг кмдан ортиқ электр тармоқлари ва 14 мингта нимстанция янгиланган ва модернизация қилинган. Унинг сўзларига кўра, бу ишлар «доим ҳам ташқи томондан кўринавермайди», аммо айнан шу омиллар энергия таъминотининг ҳақиқий ишончлилиги, тизим барқарорлиги ва янги саноат ҳамда энергетика объектларини тез улаш имкониятини белгилайди.
Хўжаев яна бир устувор йўналиш сифатида маҳаллийлаштиришни қайд этди. Унинг айтишича, энергетика сектори учун маҳаллий товар, хизмат ва етказиб беришлар ҳажми аллақачон 700 млн доллардан ошган ва бу кўрсаткични 1,3 млрд доллардан ортиққа етказиш салоҳияти мавжуд.
«Бизнинг мақсадимиз технологияларни шунчаки импорт қилиш эмас. Бизнинг мақсадимиз — маҳаллий инжиниринг, маҳаллий ишлаб чиқариш, маҳаллий хизматлар, маҳаллий мутахассислар ва узоқ муддатли саноат кооперациясини ривожлантириш», — деди у.
Хорижий инвесторлар билан ҳамкорлик ҳақида гапирар экан, Ходжаев деярли барча йирик янги генерация лойиҳалари давлат-хусусий шериклик механизмлари орқали амалга оширилаётганини айтди. У ҳамкорлар қаторида ACWA Power, Masdar, American Power, EDF, China Energy Engineering Corporation ва бошқа компанияларни санаб ўтди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг энергетик трансформацияси миллий кун тартибидан чиқиб, минтақавий аҳамият касб этмоқда. Ходжаев мамлакат Марказий Осиёдаги асосий энергетика хабларидан бири сифатидаги ролини кучайтираётганини ва минтақавий энергетик ҳамкорликни илгари сураётганини билдирди.
Шунингдек, у Европа томон электр энергияси экспорт қилиш учун «яшил коридор» лойиҳаси доирасида Озарбайжон ва Қозоғистон билан ҳамкорликни қайд этди.
Бош вазир ўринбосари олдинда турган чақириқларга ҳам тўхталди. Унинг айтишича, саноатлаштириш, глобализация, рақамлаштириш ва турмуш даражасининг ошиши туфайли электр энергиясига бўлган талаб ўсиб боради.
«Қайта тикланувчи энергетика кучлироқ тармоқлар, энергия сақлаш ечимлари, баланслаш қувватлари ва замонавий диспетчерлик тизимларини талаб қилади. Энергия самарадорлиги саноатда, ижтимоий инфратузилмада, уй хўжаликларида ва ҳар бир янги инвестиция лойиҳасида миллий одатга айланиши керак», — деди Ходжаев.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон энергия йўқотишларини қисқартириши, рақамлаштиришни жадаллаштириши, тармоқларни модернизация қилиши, энергия сақлаш қувватларини кенгайтириши, маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириши ва минтақавий электр савдосини кучайтириши зарур.
«Биринчи босқич секторни очиш ва йирик лойиҳаларни бошлаш билан боғлиқ эди. Кейинги босқич эса сифат, самарадорлик, барқарорлик, технологик чуқурлик, маҳаллий қўшилган қиймат яратиш ва минтақавий интеграцияга бағишланиши керак», — деди у.