• Чт. Июн 11th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Бу аниқ эди». Энергетика вазири — Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми кескин камайгани ҳақида


Ўзбекистонда январь-март ойларида 9,6 млрд кубометр табиий газ қазиб олинди, бу 2025 йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан (11,3 млрд) 15 фоизга кам. Бу ҳақда Gazeta ўрганган Миллий статистика қўмитаси маълумотларида сўз боради.

Март ойида қазиб олиш ҳажми 2,7 млрд кубометрни ташкил этди. 2025 йилнинг мартига нисбатан кўрсаткич 1,2 млрд кубометрга ёки 30,8 фоизга камайган.

Кунлик ҳисобда газ қазиб олиш ўтган йилнинг мартидаги 125,8 млн кубометрдан жорий йилнинг мартида 87,1 млн кубометргача тушди. Таққослаш учун, 2026 йилнинг февралида кунлик қазиб олиш ҳажми қарийб 114 млн кубометрни ташкил қилган эди.

12 май куни Тошкентда ўтаётган Энергетика ҳафталиги доирасида Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Gazeta мухбирининг қазиб олиш ҳажми камайиши сабаблари ҳақидаги саволига жавоб берар экан, бу пасайиш кутилган ҳолат эканини таъкидлади.

«Бу бўйича олдин ҳам айтганмиз, бизда йилдан-йилга, барибир, табиий пасайиш кузатилмоқда. Газ қазиб чиқариш пасаяши аниқ эди, буни кўрсатганмиз. Фақат асосий мақсад — буни барқарорлаштириш ва [ҳажмларни] ушлаб бориш», — деди у.

Вазирнинг сўзларига кўра, бунинг учун «Ўзбекнефтгаз» ва бошқа ҳамкорлар билан биргаликда бурғилаш, янги ускуналар сотиб олиш, геология-қидирув ва янги майдонларни тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.

«Жумладан, SOCAR ва BP билан ҳамкорлик айнан Устюрт минтақасида янги конлар ва янги майдонларни очишга қаратилган», — дея таъкидлади Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Асосий пасайиш қайси конларда кузатилаётгани ҳақидаги саволга Энергетика вазирлиги раҳбари гап эски конлар ҳақида кетаётганини таъкидлади.

«Асосий пасайиш, биласизлар, Шўртанда, яъни Бухоро-Хива ва Қашқадарё ҳудудларидаги, ўша эски ва доим айтганимиздек, 85−90 фоизга ўзлаштириб бўлинган конларда юз бермоқда», — деди вазир.

2025 йил декабрь ойи охирида Энергетика вазирлиги раҳбари Ўзбекистон янги конлар ҳисобига газ қазиб олишдаги кўп йиллик пасайишни барқарорлаштиришни режалаштираётганини маълум қилган эди. Бу борада Мўйноқ туманидаги, мамлакатдаги энг юқори дебитли қудуқ бурғиланган янги кон ёрдам бериши керак.

«Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раисининг собиқ биринчи ўринбосари Беҳзод Усмонов 2022 йил ноябрда 2026 йилгача бўлган қазиб олиш прогнозини эълон қилган эди. Тақдим этилган графикка кўра, мавжуд конларда табиий қазиб олиш ҳажми пасайишда давом этади, чунки 2024 йилда ишлаб чиқаришни 34,1 млрд кубометр даражасида ушлаб туриш учун геология-қидирув ишлари ҳисобига 4,6 млрд кубометр, 2025 йилда 7,1 млрд кубометр, 2026 йилда эса 9,6 млрд кубометр газ ўрнини қоплаш талаб этилади.

Gazeta`нинг 2024 йилда «Ўзбекнефтгаз» компанияси 2024 йил якуни бўйича 29,3 млрд кубометр газ қазиб олиш учун газ қудуқларини бурғилашга 320 млн доллардан ортиқ, уларни таъмирлашга 45 млн доллар, геология-қидирув ишларига эса 79,6 млн доллар сарфлашни режалаштиргани ҳақида хабар берганди. Бу аввалги прогнозлардан 4,8 млрд кубометрга кам.

2026 йилнинг январь ойида президент Шавкат Мирзиёев Давлат активларини бошқариш агентлиги ва «Ўзбекнефтгаз»да кенг кўламли текширувлар ўтказилганини, унда миллиардлаб сўмлик талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланганини маълум қилган.

Газ

2021 йил август ойида президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда намойиш этилган кадрларга кўра, «Ўзбекнефтгаз» ихтиёрида 111 та кон бўлиб, уларда жорий захираларнинг 50 фоизи ёки 934,1 млрд кубометр газ мавжуд эди. Ўша пайтда «Лукойл» компанияси 413,1 млрд кубометр (22,1%), Uz-Kor Gas Chemical 109,6 млрд кубометр (5,9%), Surhan Gas Chemical 106,6 млрд (5,8%), Jizzakh Petroleum (ҳозирги Sanoat Energetika Guruhi, SEG) 84,9 млрд кубометр (4,5%) газ захирасига эга конларда фаолият юритган.

Ўшандан бери мамлакатда газ қазиб олиш ҳажми камайиб борди. Агар 2021 йилда ишлаб чиқариш 53,8 млрд кубометрни ташкил этган бўлса, 2025 йил якунларига кўра бу кўрсаткич 42,3 млрд кубометрга тушди, бу 21,3 фоизга (-11,5 млрд) кам демакдир.

«Ўзбекнефтгаз» компанияси ўтган йил якуни бўйича 25,2 млрд кубометр газ қазиб олди ва бу прогнозлардан паст кўрсаткич бўлди. 2026−2027 йилларда қазиб олиш ҳажмининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, газ захираларини кўпайтириш ва уни қайта ишлаш кўзда тутилган.

Gazeta аввалроқ табиий газ қазиб олиш бўйича расмий маълумотлардаги тафовутларга эътибор қаратган эди. Саноат ишлаб чиқариши тўғрисидаги ҳисоботга кўра, 2025 йил якуни бўйича Ўзбекистонда 42,3 млрд кубометр газ қазиб олинган — бу 2024 йилдагига (41,3 млрд) нисбатан 1 млрд кубометрга (2,4%) кўп.

Шу билан бирга, 2024 йил учун берилган дастлабки статистикада қазиб олиш ҳажми 44,6 млрд кубометр даражасида кўрсатилган эди. Шундай қилиб, 2024 йил учун маълумотларнинг турли версиялари ўртасидаги тафовут 3,3 млрд кубометрни ёки йиллик қазиб олиш ҳажмининг қарийб 8 фоизини ташкил этди. Бу тақрибан бир ой давомида қазиб олинадиган газ ҳажмига тенг.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *