Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхона Андес ҳантавируси (АНДВ) билан боғлиқ круиз кемасидаги касаллик тарқалиши юзасидан маълумот берди.
ЖССТ маълумотига кўра, 2026 йил 8 май ҳолатига саккизта касалланиш ҳолати ва учта ўлим қайд этилган. Олти ҳолатда Андес вируси инфекцияси лаборатория таҳлиллари орқали тасдиқланган. Ҳозирча ўлим кўрсаткичи 38 фоизни ташкил этмоқда.
Ташкилот айни пайтда зарарланган кема йўловчилари ва экипажи учун хавф даражасини «ўртача», дунё аҳолиси учун эса «паст» деб баҳолаган.
Ҳантавирус одамдан одамга юқиши мумкинми?
Андес вирусининг одамдан-одамга юқиши кам учрайдиган ҳолат, бироқ у аввалроқ узоқ муддат яқин алоқада бўлганлар орасида қайд этилган. Айни дамда касалликнинг ушбу авж олишидаги юқиш занжирларини яхшироқ тушуниш мақсадида тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Одамлар одатда қандай йўл билан касалланади?
Ҳантавирус инфекцияси асосан касалланган кемирувчилар билан алоқада бўлиш ёки улар ифлослантирган муҳит билан алоқа қилиш орқали юқади. Касаллик кемирувчилар кўп бўлган жойларни тозалаш пайтида ёки улар яшайдиган ҳудудлардаги машғулотлар вақтида юқиши мумкин.
Касаллик белгилари қандай?
Дастлабки белгилар қуйидагиларни ўз ичига олиши мумкин:
- иситма;
- бош оғриғи;
- бош айланиши;
- эт увишиши;
- мушаклар оғриғи;
- кўнгил айниши, қусиш ёки диарея.
Оғир ҳолатларда тўсатдан нафас сиқиши ривожланиши мумкин. Белгилар вирус юққанидан сўнг 1 ҳафтадан 6 ҳафтагача бўлган муддатда пайдо бўлиши мумкин.
Унга қарши вакцина ёки даво мавжудми?
Ҳозирги вақтда ҳантавирус инфекцияларига қарши лицензияланган даво усули ёки вакцина мавжуд эмас. Эрта босқичдаги қўллаб-қувватловчи тиббий парвариш ва жонлантириш бўлимида даволаниш имконияти омон қолиш эҳтимолини ошириши мумкин.
ЖССТ нималарни тавсия этмоқда?
ЖССТ қуйидагиларни тавсия қилади:
- касалликка гумон қилинган ҳолатларни эрта аниқлаш ва беморларни изоляция қилиш;
- бемор билан яқин мулоқотда бўлганларни кузатиш;
- қўл гигиенаси ва респиратор одобига риоя қилиш;
- аҳолини аниқ ва далилларга асосланган маълумотлар билан хабардор қилиб бориш;
- соғлиқни сақлаш муассасаларида инфекция профилактикаси ва назорати чораларини кучайтириш.
ЖССТ беморлар билан алоқада бўлганларни кузатиш, лаборатория синовлари, эпидемиологик тадқиқотлар ўтказиш ва жамоат саломатлигини сақлашга доир чора-тадбирлар бўйича мамлакатлар ҳамда ҳамкорлар билан ишларни мувофиқлаштирмоқда.