Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро жаҳон чемпионати олдидан жамоа жиддий тайёргарлик олиб бораётганини айтди. ЎФА унинг матбуот анжуманидаги иқтибосларини тақдим этди.
Матбуот анжуманида Каннаваро жамоа ҳозирданоқ жаҳон чемпионатига тайёргарликни кучайтирганини билдирди.
«Жаҳон чемпионатига жиддий тарзда тайёргарлик кўряпмиз ва жуда қаттиқ ишлаяпмиз. Барчамиз мундиалга учиб кетишни интиқлик билан кутяпмиз», — деди мураббий.
Унинг сўзларига кўра, мураббийлар штаби терма жамоага муносиб футболчиларни танлаш учун сўнгги ойларда барча номзодларни кузатиб борган.
«Кимдир терма жамоага чақирилмаган бўлса, демак у ўз ўйини билан ҳали мени етарлича ишонтира олмаган. Терма жамоага жалб этишда футболчиларнинг ёшига эътибор бермадим», — деди Каннаваро.
Мураббий ўртоқлик учрашувлари учун ҳам кучли рақиблар танланганини қайд этди. Айтишича, бу қарор футболчиларни юқори даражадаги босим ва тезликка мослаштириш мақсадида қабул қилинган.
«Имкон қадар кучли ва рақобатбардош рақибларни танлашга ҳаракат қилдик. Канада — мусобақа мезбони сифатида юқори даражадаги футбол муҳити ва ажойиб атмосфера яратади. Бу футболчиларимиз учун муҳим тажриба бўлади. Нидерландия эса Европанинг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланади», — деди у.
Каннаваронинг таъкидлашича, Нидерландиянинг ўйин услуби айрим жиҳатлари билан Португалия терма жамоасига ўхшайди ва бу ҳам жамоа учун фойдали синов бўлади.
«Нидерландия эса Европанинг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланади. Уларнинг ўйин услуби ва тактик ёндашуви маълум жиҳатлари билан Португалия терма жамоасига ўхшаш», дейилади матбуот анжуманида.
У шунингдек, ЎФАнинг халқаро федерациялар билан ҳамкорлиги кучли рақибларга қарши баҳслар ташкил қилиш имконини берганини айтди.
Мураббий айрим етакчи футболчиларнинг ҳолати ҳақида ҳам тўхталди. У Жалолиддин машариповнинг катта тажрибага эга эканини ва оптимал формага чиқса, жамоага катта ёрдам беришини билдирди. Шунингдек, Аббосбек Файзуллаевнинг меҳнаткашлиги ва жанговор характерига юқори баҳо берди.
Каннаваро Абдуқодир Ҳусанов ҳамда Элдор Шомуродов ҳозир яхши ҳолатда эканини айтди. Айрим футболчилар эса жароҳат ёки ўйин амалиёти етишмаслиги сабаб ҳали оптимал формага чиқмаган.
«Ҳали вақт бор ва улар тез орада тикланишига ишонамиз», — деди у.
Мураббийнинг фикрича, Ўзбекистон учун илк жаҳон чемпионатида энг муҳими футболчиларда ортиқча босим эмас, ишонч ва эркинлик муҳитини шакллантириш ҳисобланади.
«Бу биз учун илк жаҳон чемпионати. Шунинг учун футболчиларга босим эмас, аксинча, ўйиндан завқ олиш руҳини беришимиз керак. Мен жамоамиз халқимиз учун муносиб иштирок этишига ишонаман», — деди Каннаваро.
У йиғинлар давомида асосий эътибор жамоанинг жисмоний тайёргарлигини кучайтиришга қаратилаётганини ҳам қайд этди. Мураббийга кўра, футболчилар ҳозир машғулотларда бор кучини бериб ишламоқда.
Шунингдек, у асосий амбицияси ҳақида фикр билдирди.
«Менинг асосий амбицияларимдан бири — Осиё кубогини ютиш. Биз бу мақсад йўлида бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз. Жаҳон чемпионати эса биз учун тажриба майдони бўлса, Осиё кубогида эса натижа учун курашамиз», — деди бош мураббий.