Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш ва чорвачиликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ўзбекистон 2030 йилгача озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини 10 миллиард долларга етказиш ва экспорт географиясини яна 100 та давлатга кенгайтиришни режалаштирмоқчи. Йиғилишда ушбу мақсадларга эришиш учун озиқ-овқат хавфсизлиги тизими халқаро стандартларга тўлиқ жавоб бериши зарурлиги таъкидланди.
Ҳозиргача учта агентлик озиқ-овқат хавфсизлиги ва назорати масалалари учун масъул эди.
«Натижада санитария, ветеринария ва карантин органлари ўртасида ягона маълумотлар базаси шакллантирилмаган, айрим вазифа ва функциялар бир-бирини такрорламоқда. Бунинг оқибатида тадбиркорлар экспорт ва импорт жараёнларида ортиқча оворагарчиликларга дуч келмоқда», дейилади йиғилишда.
Ўсимликлар карантини агентлигида 100 та, Ветеринарияни ривожлантириш қўмитасида 115 та, санитария-эпидемиология назорати тизимида 44 та вазифа ва функция бўлса-да, маҳсулотларни даладан дастурхонгача кузатиб бориш тизими ҳали тўлиқ йўлга қўйилмаган.
Экспорт соҳасида ҳам ҳал этилиши зарур масалалар сақланиб қолмоқда. Хусусан, Европа Иттифоқи Ўзбекистон маҳсулотларида пестицид қолдиқлари мавжудлиги бўйича 25 та огоҳлантириш бергани қайд этилди. «Бу халқаро бозорларда рақобатбардошликни ошириш учун маҳсулот хавфсизлиги назорати тизимини тубдан қайта кўриб чиқишни талаб қилади», дейилган йиғилишда.
Назорат органлари асосан тайёр маҳсулотни текшириш билан чеклангани, ишлаб чиқариш занжирининг барча босқичларида озиқ-овқат хавфсизлигини кафолатлайдиган халқаро стандартларни жорий этишга етарлича эътибор қаратилмагани таъкидланди.
Шу муносабат билан озиқ-овқат хавфсизлиги тизимини чуқур ислоҳ қилиш ва халқаро талабларга мос ягона марказлашган тизим яратишга қарор қилинди.
«Даладан дастурхонгача» тамойили асосида барча назорат жараёнларини қамраб оладиган Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилади. У Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ветеринария қўмитаси ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик қўмитасининг тегишли йўналишлари негизида шакллантирилади.
Янги тизимда тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлаётган эскирган текширувлардан воз кечилади. Озиқ-овқат маҳсулотларини мажбурий сертификатлаш бекор қилиниб, унинг ўрнига хавфни баҳолашга асосланган назорат ва текширув тартиби жорий этилади.
Ҳозирда бундай ёндашув республикадаги 80 минг объектнинг фақат 1,6 мингтасида, яъни 2 фоизида қўлланилмоқда. Келгусида хавфли маҳсулотлар ҳақида тезкор хабар бериш ва уларни муомаладан қайтариб олиш бўйича электрон тизим яратилади.
2029 йил 1 январдан бошлаб мева-сабзавот экспорти фақат агрологистика марказлари орқали амалга оширилади. Шунингдек, экспорт салоҳияти юқори йирик озиқ-овқат корхоналарини халқаро хатарлар таҳлили стандартлари ва Алиментариус кодекси талабларига ўтказиш бўйича дастур ишлаб чиқилади. Ушбу кўрсаткични 2028 йилгача 20 фоизга, 2030 йилгача 60 фоизга, 2032 йилгача эса 100 фоизга етказиш режалаштирилган.
20 та туманда мева-сабзавотчилик соҳасида ички фитосанитария сертификатларини расмийлаштиришга кўмаклашувчи жамоатчи инспекторлар фаолияти йўлга қўйилади. Шу билан бирга, мева ва сабзавотлар экспорти статистикаси улар етиштирилган ҳудудда ҳисобга олинади.
2027 йилдан бошлаб лаборатория текшируви, ҳайвонларни эмлаш, дезинфекция ва идентификация қилиш каби 6 та давлат функцияси босқичма-босқич хусусий секторга берилади. Вилоят ҳокимларига йил якунига қадар ҳар бир ҳудудда камида 2 тадан хусусий лаборатория ва ветеринария клиникаси ташкил этиш топширилди.
Ҳар бир маҳсулот бўйича онлайн кузатув тизими жорий этилади. Фермер ва деҳқонлар учун «Агро кўмакчи» мобил иловасида электрон «Дала дафтари» тизими ишга туширилади. У орқали сунъий интеллект зараркунандалар тарқалишини олдиндан башорат қилиб, зарур тавсиялар беради.
Фаол ва ҳалол фермерлар рейтинги юритилиб, уларга қўшимча имтиёзлар берилади. 2027 йил 1 мартгача озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича ягона автоматлашган ахборот платформаси ишга туширилади. У чегарадаги «Ягона дарча» тизими билан интеграция қилиниб, экспортчилар учун ортиқча бюрократик жараёнлар қисқартирилади.
Янги тизим орқали импорт назорати вақти 9 кундан 2 кунга, экспортда эса 3 кундан 1 кунгача қисқартирилади. Бу орқали тадбиркорлар омборда сақлаш харажатларидан 70 млрд сўм тежаши кутилмоқда.
Аввалроқ янги ташкил этилган Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитасига Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича бош музокарачиси Азизбек Урунов ўриндошлик асосида раҳбар этиб тайинлангани хабар қилинганди.