Ўзбекистонда ҳантавирус билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган, эпидемиологик вазият барқарор бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳантавирусни глобал пандемия келтириб чиқариши мумкин бўлган инфекциялар қаторига киритмайди.
«Ушбу инфекция коронавирус каби тез тарқалиш хусусиятига эга эмас ва мутахассисларнинг фикрича, глобал пандемияга олиб келмайди», — деди Нурмат Атабеков.
Унинг тушунтиришича, ҳантавируснинг 20 дан ортиқ тури мавжуд, бироқ уларнинг фақат баъзилари одамда касаллик келтириб чиқариши мумкин. Вируснинг алоҳида турлари Лотин Америкаси мамлакатларида, жумладан Аргентина, Чили ва Бразилияда энг кўп учрайди. Осиё ва Европада инфекция анча кам қайд этилади.
«Ҳантавирус кўпинча кемирувчилар орасида учрайдиган вирусли хасталик бўлиб, одамларга кам ҳолларда юқади. Инфекция, одатда, бундай жониворларнинг пешоби, ахлати ёки сўлаги билан ифлосланган нарсалар, чанг ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари орқали инсонга ўтиши мумкин. Айрим ҳолларда зарарланган муҳитда узоқ вақт бўлиш ёки кемирувчилар билан яқин ва мунтазам контактда бўлиш ҳам вирус юқиш хавфини оширади», — деди мутахассис.
Касалликнинг эҳтимолий белгилари орасида ҳарорат кўтарилиши, бош оғриғи, ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, мушак ва қорин оғриқлари мавжуд. Оғир ҳолатларда буйрак етишмовчилиги, шунингдек юрак-қон томир ва нафас олиш тизими томонидан асоратлар кузатилиши мумкин.
«Афсуски, дунёда ҳантавирусга қарши махсус вакцина ишлаб чиқилмаган. Шунингдек, тегишли даволаш протоколи ҳам мавжуд эмас. Даволаш асосан симптоматик характерга эга бўлиб, яъни беморда намоён бўлаётган аломатларга қараб амалга оширилади», — деди Нурмат Атабеков.
Қўмита тавсиясига кўра, касалликнинг олдини олиш учун шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, озиқ-овқат маҳсулотларини хавфсиз сақлаш, хоналарни мунтазам шамоллатиш ҳамда кемирувчилар изи бўлиши мумкин бўлган жойларни тозалашда эҳтиёткорликка амал қилиш лозим.
Вазирлик маълумотига кўра, Ўзбекистонда 53 та чегара пунктида хавфли инфекцияларнинг мамлакатга олиб кирилишини олдини олиш мақсадида доимий санитария-эпидемиологик назорат амалга оширилади.
Ҳантавирус инфекциясининг тарқалиши Атлантика океани орқали Аргентинадан Кабо Вердега йўл олган Hondius круиз кемасида қайд этилган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилишича, кема бортида 147 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари бўлган. Касаллик тарқалиши 6−28 апрель кунлари кузатилган.
11 май ҳолатига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳантавирусга чалинишнинг 9 та эҳтимолий ҳолатини қайд этган, улардан 3 нафари вафот этган.