Қозоғистон пойтахти Остонадаги эстакада LRT (Light Rail Transit) биринчи линиясини шу ҳафтада расман ишга тушириш режалаштирилмоқда, деб хабар берди Tengrinews.kz лойиҳа оператори — City Transportation Systems (CTS) компаниясига таяниб.
Линия Остона халқаро аэропортидан «Нұрлы жол» янги вокзалигача ўтади, унинг узунлиги — 22,4 км. Маршрут шаҳарнинг асосий ишбилармонлик марказлари ва турар жой туманларини қамраб олувчи 18 та станцияни ўз ичига олади.
LRT таркиблари тўлиқ ҳайдовчисиз бўлади ва махсус марказдан бошқарилади. Уларнинг эксплуатация тезлиги 60 км/соатни, максимал тезлиги эса 80 км/соатни ташкил этади.
Линияда 15 та поезд ҳаракатланади (тўрттаси захирада), битта таркиб 600 дан ортиқ йўловчига мўлжалланган. CTS прогнозларига кўра, ишнинг биринчи йилида линия ҳар куни 25 мингдан 45 минггача одам ташийди.
Якуний станциялар орасидаги бутун йўл тахминан 40 дақиқа вақт олади, ҳаракат интервали 10 дақиқагача бўлади. Йўл ҳақи — 200 тенге (0,43 доллар). Линия соат 6:00 дан 23:00 гача ишлайди.
Шаҳар маъмурияти линияни шаҳар атрофидаги Қосшигача узайтиришни режалаштирмоқда ва лойиҳанинг иккинчи босқичини тайёрлашга киришилган, деб қайд этади нашр.
Лойиҳа тарихи
Остонада енгил рельсли транспорт қуриш режалари 2005 йилдаёқ пайдо бўлганди. Пойтахт ҳокимлиги Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг топшириғи билан LRT`ни шаҳарни ривожлантириш режасига киритган. Биринчи LRT линияси қурилиши 2011 йилда бошланган ва режага кўра 2020 йилгача якунланиши керак эди. Ўшанда Y-симон бетон устунлар қад кўтарган бўлиб, улар кейинчалик халқ орасида «коррупция ҳайкали» деган ном олганди. 2013 йилда лойиҳа қиймати юқорилиги сабабли тўхтатиб қўйилганди.
Фото: Tengrinews.kz / Турар Казангапов.
2019 йил октябрь ойида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев LRT лойиҳасини танқид қилиб, уни баҳсли деб атаган. Шу билан бирга, у пойтахт расмийлари лойиҳани якунлашга қарор қилганини, чунки «аллақачон жуда узоққа кетиб қолинганини» таъкидлаганди. Тоқаев, шунингдек, қурилишдаги коррупция схемалари бўйича терговни фаоллаштиришни топширган. 2023 йил январида Тоқаев LRT лойиҳаси «асосан хато» бўлганини, бироқ уни якунлашдан бошқа муқобил йўқлигини маълум қилди. «Ҳозир бизда бошқа танлов йўқ. Биз бу лойиҳани амалга оширишимиз керак. Агар LRT қурилишини тўхтатсак, зарар янада кўпроқ бўлади», — деган эди у.
2020 йилда Остонада LRT қурилишидаги коррупция иши бўйича суд жараёни бошланди. Етти киши иш фигурантига айланди. Икки асосий ташкилотчи — Остона ҳокимининг собиқ ўринбосари Қанат Султанбеков ва «Астана LRT» собиқ раҳбари Талгат Ардан халқаро қидирувга берилди. 2021 йил май ойида суд айбланувчиларни 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Улар уюшган гуруҳ тузиш ва унга раҳбарлик қилиш ҳамда ўзганинг мулкини ўзлаштиришда айбдор деб топилди.
