Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида икки нафар бола иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 12 май куни соат 14:00 атрофида Олмалиқ шаҳрининг Амир Темур кўчасида 26 ёшли ҳайдовчи C.Д. пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган икки нафар 9 ёшли болани уриб юборган.

Пиёдалардан бири олган тан жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган. Яна бир жабрланувчи эса касалхонага ётқизилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Олмалиқ шаҳар ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳайдовчи ишга жалб қилинган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Хоразмдаги пиёдалар ўтиш жойида ЙТҲ сабаб вафот этган 10 ёшли бола вафот этгани ҳақида хабар қилинганди. Учқун Аминбоев бу йил 3-синфни битириши керак эди, аммо 4 май куни содир бўлган ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлган. Марҳумнинг отаси Gazeta’га Янги Урганч яқинидаги пиёдалар ўтиш жойида икки йилда 3 киши ҳалок бўлганини айтди. Ота бошқа қурбонлар бўлмаслиги учун масъулларни светофор ўрнатишга чақирди.

Gazeta нашри йўл транспорт ҳодисаси сабаб вафот этган болаларни хотирлаш ва йўллардаги хавфсизликни оширишга ҳисса қўшиш мақсадида ЙТҲлардаги қурбон ҳамда жабрланувчи болаларнинг ҳикояларини ҳужжатлаштиришни мақсад қилган. Агар сиз ҳам вояга етмаган фарзандингиз ёки яқинингиз билан содир бўлган ЙТҲ ҳикоясини улашмоқчи бўлсангиз, Telegramʼдаги @bolalarYTHlarigazetauz_bot‘га ёзинг.