Бу баҳорда Ўзбекистонга илк бор биология фанлари доктори ва Харьковда жойлашган Украинанинг қўлқанотлиларни реабилитация қилиш маркази ҳаммуассиси Антон Влашченко ташриф буюрди. Олим кўршапалакларни ўрганиш билан 25 йилдан ортиқ вақтдан бери шуғулланади. У Тошкентга маҳаллий зоология ҳамжамияти билан танишиш, шунингдек шаҳарда қўлқанотлиларни қутқариш ва реабилитация қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлаш учун келди.
Фото: Стельмах Зоряна / Украина қўлқанотлиларни реабилитация қилиш маркази.
Gazeta Антон Влашченко билан кўршапалакларнинг экотизимдаги ўрни, бу жониворлар атрофидаги миф ва стереотиплар, шунингдек Украинадаги уруш бошланишидан олдин ва кейин Қўлқанотлиларни реабилитация қилиш маркази фаолияти ҳақида суҳбатлашди. Зоолог, шунингдек, шаҳарларда қўлқанотлиларга қандай хавфлар таҳдид солаётгани ва уларга қандай ёрдам бериш мумкинлиги ҳақида гапириб берди.
Кўршапалаклар амбассадори
Мен Харьков миллий университетининг биология факультетида ўқиганман ва у ерда ҳар бир биолог талаба ўз тадқиқот объектини танлаши керак бўларди. Биринчи курсда университет биносига учиб кирган бир гуруҳ кўршапалакларга дуч келдик. Уларни қутқариш керак эди. Мен ташаббус кўрсатиб, жониворларни уйимга олиб кетдим. Улар қишни менинг совиткичимда ўтказди. Шундан бери кўршапалаклар билан ажралмайман. Бакалаврлик, магистрлик, номзодлик ва докторлик ишларимнинг барчаси қўлқанотилиларга бағишланган.
25 йилдан ортиқ вақтдан бери мен уларни нафақат ўрганаман, балки ўзига хос кўршапалаклар амбассадори сифатида одамларга бу жониворлар ҳақида гапириб, уларга бўлган муносабатни ўзгартиришга ҳаракат қиламан. Украинада биз бунга ҳақиқатан ҳам эриша олдик. Бу йўналишда фаол ишни 2007 йилдан ёки ундан бироз олдин бошлаганмиз. Унгача оммавий чиқишлар ва телевидение интервьюларида ветеринарлар одатда кўршапалаклар қанчалик хавфли экани ва қандай касалликлар тарқатиши ҳақида гапирарди. Биз бу риторикани ахборот маконидан сиқиб чиқариш учун жуда кўп ҳаракат қилдик ва умуман олганда, бунда муваффақиятга эришдик.
Антон Влашченко. Фото: Украина қўлқанотлиларни реабилитация қилиш маркази архивидан.
Муаммо шундаки, қўлқанотлиларни кўпинча аслидагидан анча хавфлироқ қилиб кўрсатишади. Улар ҳеч кимга ташланмайдиган ва ҳаво-томчи йўли орқали инфекция юқтирмайдиган кичик жониворлардир. Ҳа, улар қутуриш касаллигини ташувчи бўлиши мумкин ва агар одамни кўршапалак тишласа, албатта шифокорга мурожаат қилиб, вакцина олиши керак. Аммо бунинг олдини олиш учун оддий қўлқоп кийишнинг ўзи етарли — у тишлашдан ишончли ҳимоя қилади.
Иш жараёнида биз камдан-кам ҳолларда салбий муносабатга дуч келамиз. Баъзан «Нега кўршапалаклар билан шуғулланасиз? Яхшиси пенсионерларга ёрдам беринглар» деган мазмундаги изоҳлар ёки одамларга ҳозир ҳайвонлардан кўра оғирроқ эканини ёзиб юборишади. Бундай гапларга эътибор бермаймиз. Европа ёки Америкада одамларнинг қизиқишлари қанчалик хилма-хил эканини билган ҳолда, ишимиз муҳим ва мавжуд бўлишга ҳақли эканини тушунамиз.
«Бизнинг ташаббусларимиз халқаро хусусиятга эга»
Украина қўлқанотлиларни реабилитация қилиш маркази 2013 йилда ташкил этилган. Илк босқичда асосчилар уч киши эди: мен, Алёна Прилуцкая ва Ксения Кравченко. Биз кўп эшикларни тақиллатдик ва охир-оқибат Харьков яқинидаги Александр Фельдман экопаркида бизга ёрдам беришди. Ташаббус қўллаб-қувватланди ва молиялаштирилди.
Дастлаб жамоа беш-етти кишидан иборат эди. Кейинчалик талабалар ва ёш табиатшунослар қўшила бошлади. Лойиҳа аста-секин кенгайиб борди: бинолар ва шароитлар ўзгарди, қутқарилган жониворлар сони ортди. Кўнгиллилар тармоғи кенгайди. 2017 йилда марказ ҳақиқатан ҳам умумукраина миқёсига чиқди: бутун мамлакатдан кўршапалакларни Харьковга олиб келишар, у ерда улар даволаниб, парвариш қилиниб, кейин ўз шаҳарларига қайта юборилиб, табиат қўйнига тантанали тарзда қўйиб юбориларди.
Марказ жамоаси.
Бизнинг ишимиз уч таянчга асосланади. Биринчиси — экологик таълим, яъни кўршапалаклар ҳақидаги билимларни тарқатиш: буклетлар, китоблар, очиқ маърузалар. Иккинчиси — илмий фаолият. У кўплаб йўналишларда олиб борилади, чунки биз марказдаги жамоатчилик фаолиятини Украина университетлари ва илмий институтларидаги тадқиқотлар билан бирга олиб борамиз. Учинчи йўналиш — жониворларни муҳофаза қилиш ва реабилитация қилиш.
Реабилитация маркази сифатида биз фақат Украинада ишлаймиз, чунки ёввойи ҳайвонларни чегара орқали олиб ўтиш тақиқланган. Бироқ бошқа барча ташаббусларимиз — қутқариш амалиёти, даволаш протоколлари ва оммавий акцияларни ўтказиш тажрибаси — халқаро хусусиятга эга ва ҳамма жойда қўлланилиши мумкин.
Ҳозирги пайтда давлат бизни қўллаб-қувватламайди, чунки Украина ресурсларининг барчаси қаршилик кўрсатиш ва урушга йўналтирилган. Биз ҳам ҳозир давлат ёрдамини талаб қилмаяпмиз, чунки фаолиятимизни давом эттириш учун ҳомийлик маблағларини топяпмиз. Молиялаштиришни Европа ва Америкадаги турли жамғармалар, шунингдек ички донатлар орқали излаш стратегиясидан фойдаланамиз. Грантларни ҳам илмий тадқиқотлар, ҳам табиатни муҳофаза қилиш ва маърифат лойиҳалари учун оламиз. Университетлар билан фаол ҳамкорликни давом эттиряпмиз.
Фото: Стельмах Зоряна / Украина қўлқанотлиларни реабилитация қилиш маркази.
Марказимизда жониворларни қутқариш билан шуғулланадиганлар кўпинча талабалар ёки аспирантлар бўлади. Йигит-қизлар қўлқанотлилар билан ишлайди ва шу маълумотлар асосида бакалаврлик ҳамда магистрлик ишларини ёзади. Ҳозир жамоамизда икки аспирант ва уч магистр бор.
Кўнгиллилар тармоғимиз турли шаҳарларда яшайдиган, мутлақо турли касб ва ёшдаги ўнлаб одамларни бирлаштиради. Ҳатто ҳозир армияда хизмат қилаётган, аммо бизга ёрдам беришда давом этаётганлар ҳам бор. Уларнинг барчасини жониворларга бўлган улкан меҳр бирлаштиради. Одамлар қўшилиш истагини билдирганда, биз уларни ўқитамиз, қўлқанотлиларни реабилитация қилиш бўйича махсус қўлланмамизни юборимиз.
Шунингдек, бизда ҳамкор ташкилотлар — зоопарклар ва хусусий бошпаналар тармоғи ҳам мавжуд. Улар мустақил ёрдам бера олмайдиган жуда кўп ҳайвонларга дуч келганда ёки оғир жароҳатланган жониворлар келтирилганда, уларни бизга топширишади. Харьковда доимий ветеринарлар ва уларнинг ассистентлари штати ишлайди, улар даволаш билан шуғулланади. Соғайгандан кейин қўлқанотлиларни ўз табиий муҳитига қайтарамиз. Марказ бир йилда икки-уч мингдан етти минггача жониворни қутқаришга муваффақ бўлади.
Фото: Вакуленко Єлизавета / Украина қўлқанотлиларни реабилитация қилиш маркази.
Украинада кўршапалакларни табиат қўйнига тантанали қўйиб юбориш бўйича илк тадбир 2013 йилда Харьковда ўтказилган. Шундан бери ҳар баҳор бундай тадбирларни 10−15 та шаҳарда ташкил қилиб келамиз. Ҳатто ҳозир ҳам, мамлакат уруш ҳолатида бўлишига қарамай.
Кўршапалакларни қўйиб юборишнинг ўзи — тасвирлаб бўлмас туйғу. Бунинг ортида жуда оғир меҳнат туради, айрим йиллари сменалар 12 соатлаб давом этган. Болаларнинг кўзларини ва одамларга бундай акциялар қанчалик ёқишини кўрганимизда, қиш давомида сарфланган куч қайта тикланади ва ижобий кайфият қайтиб келади. Тадбирлардаги одамларнинг ҳис-туйғулари — YouTube’да «випуск кажанів» сўрови бўйича бу ҳақда кўплаб материаллар бор — бизни жуда руҳлантиради.
Марказимизнинг асосий мақсади — кўршапалакларни қутқариш мисолида ҳатто шундай митти жонзотлар ҳам, бутун биоxилма-хиллик каби, қадрга эга эканини ва биз унга эътибор қаратиб, уни асрашимиз ҳамда ҳимоя қилишимиз кераклигини кўрсатиш.
Фото: Стельмах Зоряна / Украина қўлқанотлиларни реабилитация қилиш маркази.
Жониворларга ёрдам бериш — бу мутлақо бошқа даражадаги муносабат: ҳам одамларнинг бир-бири билан, ҳам инсоннинг табиат билан муносабати. Инсон ўз эркинлиги бошқа мавжудотларнинг эркинлиги бошланган жойда тугашини англай бошлайди. Европада бу қонунчилик билан тартибга солинган, аммо Украина каби постсовет мамлакатларида қонуннинг қатъийлиги ҳар доим ҳам ишлавермайди. Шунинг учун биз асосий урғуни одамларнинг онгига қаратамиз — бошқа жонзотлар олдидаги масъулият мажбурий эмас, ихтиёрий бўлиши керак.
«Харьковда электр, сув ва ишлаш имконияти бор экан, давом этамиз»
2022 йил 24 февраль тонгидаги илк портлашлардан кейин биринчи қилган ишим — ҳужжатларимни йиғиш, яхшилаб овқатланиш ва жониворларни қутқариш учун оф исга йўл олиш бўлди. Кўршапалаклар совиткичларда махсус қопчаларда — сунъий қишлаш шароитида сақланарди. Уларни ташлаб кетиш ҳақида ўйлашнинг ўзи мумкин эмас эди — агар электр ўчса, улар аста-секин нобуд бўларди.
Марказга метро орқали етиб олишга улгурдим — у дастлабки бир неча соат одатий режимда ишлади, кейин эса бомбапаноҳга айлантирилди. Жойнинг ўзида деразага чиқувчи қувурли катта қафас ясадик, барча қўлқанотлиларни ўша ерга кўчирдик ва уларга мустақил учиб кетиш имконини бердик. Катта қисми дарҳол учиб кетди, баъзилари қолди, аммо энг муҳими — биз уларни қишлаётган ёпиқ жойида ташлаб кетмадик.
Қишлаш учун қопчалар. Фото: Украина қўлқанотлиларни реабилитация қилиш маркази.
Биласизми, четдан қараганда ҳаммаси ичкаридагидан анча қўрқинчли туюлади. Харьков жуда катта шаҳар: бир қисми ўқ остида бўлган пайтда, бошқа ҳудудда ҳатто портлаш овози ҳам эшитилмаслиги мумкин. Ҳаёт давом этади, одамлар барибир ижобий ҳис-туйғуларга интилади.
Ўша даврда ўзига хос ҳақиқат лаҳзаси келди — ҳар ким айнан нима билан шуғулланиши кераклиги ҳақида қарор қабул қилди. Биз учун устувор вазифа жониворлар ва ноёб илмий коллекцияни сақлаб қолиш эди — қайта тиклаб бўлмайдиган нарсаларни. Шартли қилиб айтганда, муайян бир жонзотнинг ДНКси жаҳон миқёсида ноёб материал ҳисобланади, уни ускуна ёки электроника каби кейинчалик сотиб олиб бўлмайди.
Жанг ҳаракатлари бораётган ҳудудларда кўршапалакларни қутқариш эса анча қийин. Агар уйга ракета тушса, вайроналар орасидан бундай кичик жонзотни топиш деярли имконсиз. Қурилиш чиқиндилари ичида ҳам шундай. Шунга қарамай, Херсондан портлашлардан кейин топилган кўршапалакларни кўнгиллилар бизга юборган бир нечта ҳолат бўлган.
Фото: Украина қўлқанотлиларни реабилитация қилиш маркази.
Бир куни ўзимиз парвариш қилаётган жониворларни эвакуация қилишимизга тўғри келди. Харьковнинг шимолидаги боғда ёғоч уйча ичида қафасимиз қолганди. У ерда мингга яқин қизғиш вечерница кўршапалаги қишлаётган эди. 2022 йил март ойининг охиригача у ерга кира олмадик, чунки ҳудудда жанглар кетарди. Имконият пайдо бўлиши билан кўнгиллилар билан тезкор чиқиб, қафасни олдик ва жониворларни Харьковга олиб келдик. Аслида бу жанг ҳудудига қилинган қисқа экспедициямиз эди.
2023−2024 йил қишида олти мингдан ортиқ кўршапалакни қутқаришга муваффақ бўлдик. Нега улар шунчалик кўп бўлганини аниқ билмаймиз, аммо жамоа шу ғоя атрофида жипслашгани туфайли бундай ҳажмни уддалай олдик. Оддий одамлардан муносабат ва қўллаб-қувватлашни кўрдик ҳамда фаолиятимиз муҳимлигини англадик, шунинг учун бир дақиқа ҳам шубҳамиз бўлмади.
Фото: Украина қўлқанотлиларни реабилитация қилиш маркази.
Ўзимиз учун бир қоида белгилаганмиз: Харьковда электр, сув ва ишлаш имконияти бор экан, ишни давом эттирамиз. Шаҳар яшаяпти — бу бутунлай вайрон бўлган Бахмут эмас. Харьков доим илм-фан ва тадқиқотлар маркази бўлган, бизнинг ишимиз эса уни қўллаб-қувватлашга қўшилаётган ҳисса ҳисобланади.
Келажак учун асосий режамиз — ҳозир Украинада олиб борилаётган ишларни давом эттириш. Ҳар дақиқа уруш тезроқ тугашини, тинч ҳаётга қайтишимизни ва тўхтаб қолган тадқиқот ташаббусларини қайта жонлантиришни орзу қиламиз. Шу билан бирга, марказ учун янги босқич ҳам бошланмоқда — бошқа мамлакатлар ва ҳудудлар билан алоқаларни кенгайтириш. Тўпланган тажрибамиз билан ўртоқлашиш ва қўлқанотлилар билан ишлаш усулларимиз дунёнинг турли қисмларида қандай қўлланаётганини кўриш биз учун қизиқ.
Фото: Украина қўлқанотлиларни реабилитация қилиш маркази.
Кўршапалакларга ким ва нима хавф солади?
Кўршапалаклар ҳақидаги энг зарарли ва барқарор стереотип — улар гўё қандайдир «инфекция» тарқатади деган қараш. Одамлар кўпинча кўршапалак хонага учиб кирса, дезинфекция қилиш керакми, у албатта тишлайдими, деб тушунмайди. Билмаслик туфайли қўлқанотлилар жуда хавфли жониворлар деган кўплаб мифлар пайдо бўлади. Аслида ундай эмас. COVID-19 пандемиясидан кейин кўршапалакларга муносабат айниқса кескинлашди — бутун дунёда уларга нисбатан салбий муносабат кучайди (коронавирус ва кўршапалаклар ўртасидаги боғлиқлик пандемия келиб чиқиши ҳақидаги илмий гипотезалардан бири ҳисобланади — таҳр.). Айнан шунинг учун бу жониворлар ҳақида ҳаққоний маълумот тарқатиш жуда муҳим.
Бизнинг ёндашувимиз иш беряпти. Марказ тадбирлари ва акциялари натижасида украиналикларнинг аксарияти кўршапалаклар Украина Қизил китобига киритилганини билади. Улар камёб жониворлар ва уларни муҳофаза қилиш керак.
Улар хавф остида қолишининг асосий сабабларидан бири — жуда секин кўпайиши: бир йилда битта ёки иккита бола туғади. Бундан ташқари, уларнинг яшаш жойлари кўпинча инсон цивилизацияси билан тўқнаш келади. Қадимий ўрмонлар кесиб ташланади, ғорларда минерал қазиб олиш ишлари олиб борилиши мумкин. Агар бу турар жой бинолари бўлса, одамлар масалан таъмир қилиб, уларни ҳайдаб чиқаради. Бундан ташқари, кўршапалаклар ҳашаротлар билан озиқланади ва трофик (экологик) пирамиданинг юқори қисмида туради. Агар пестицидлар сувга, кейин эса ҳашаротларга тушса, улар муқаррар равишда қўлқанотлилар организмида тўпланади. Шу сабабли улар камроқ яшайди ва тезроқ ҳалок бўлади.
Фото: Стельмах Зоряна / Украина қўлқанотлиларни реабилитация қилиш маркази.
Кўршапалакларга иқлим ўзгариши ҳам таъсир қилмоқда ва бу турли ҳудудларда турлича намоён бўлади. Агар Осиёнинг арид, чўл ҳудудлари ҳақида гапирадиган бўлсак, бу ерда Мексика ва Техас билан ўхшашликни кўриш мумкин. Ёзда ўта юқори ҳароратлар кучайиши туфайли сув ҳавзалари — нафақат табиий сув манбалари, балки чорва учун сув жойлари ҳам камайиб боради. Улар қуриб қолади ва кўршапалаклар ягона сув манбаидан маҳрум бўлади. Бундай ҳолларда улар ё бошқа жойларга учиб кетади, ёки айнан шу ҳудудда ҳалок бўлади.
Австралияда эса дарахтларда яшайдиган кўршапалаклар heat wave — аномал иссиқлик тўлқинлари вақтида нобуд бўлади. Ҳарорат 40 даражадан ошганда улар қизиб кетишга дош бера олмайди.
Марказимизга жониворлар кўпинча қишда — турар жой балконлари ёки нотурар бинолардаги таъмирлаш ишлари сабаб келиб тушади. Кўршапалаклар шаҳарларга қишлаш учун учиб келади. Улар колония бўлиб жойлашади. Одатда пластик ёки ёғоч қоплама ортига кириб олади. Жониворлар ва одамлар режаларининг омадсиз тўқнашуви натижасида юзлаб, ҳатто минглаб жониворларни шошилинч қутқаришга тўғри келади. Биз қутқарган энг катта колония бир бинодаги 1,8 мингта жонзотдан иборат бўлган. Март ойи бошида Харьковда 900 та жонивор қутқарилди — бино эгаси ўз вақтида қўнғироқ қилди ва барча ишлар қўлқанотлиларга имкон қадар эҳтиёткорлик билан амалга оширилди.
Баъзан кўршапалакларни шунчаки совуққа ташлаб юборишади. Полтавада шундай бўлган. 1,5 минг жонивордан фақат 900 таси тирик қолган.
Фото: Украина қўлқанотлиларни реабилитация қилиш маркази.
Украинада қиш қаттиқроқ бўлади: бу вақтда +10 ёки +15 даража кузатилмайди — одатда жиддий совуқ бўлади. Кўршапалакларга қишлаш учун барқарор шароит керак. Бу даврда улар озиқлана олмайди ва агар безовта қилинса, жуда тез ёғ захирасини сарфлаб, ҳалок бўлади. Марказимизнинг асосий вазифаларидан бири — уларни вақтинча сақлаш, озиқлантириш, баҳоргача яшаб қолишига ёрдам бериш ва кейин қўйиб юбориш.
«Одамга бу Қизил китобга киритилган жонивор эканини айтсангиз, у унинг қадри ҳақида ўйлай бошлайди»
Марказий Осиёдаги қўлқанотлилар популяцияси Европа популяциясидан фарқ қилади, аммо унчалик катта эмас. Географик контекстни тушуниш муҳим: Ўзбекистон — жанубда Эрон ва Афғонистон чегарасидаги тоғларга туташадиган Палеарктиканинг жанубий қисми. Ундан шимолроқдаги — Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Россиягача бўлган ҳудудлар фаунаси умумий жиҳатдан анча ўхшаш. Айнан минтақа мамлакатларига хос бўлган айрим турлар ҳам бор, гарчи улар қатъий эндемик ҳисобланмаса ҳам.
Фото: Вакуленко Элизавета / Украина қўлқанотлиларни реабилитация қилиш маркази.
Бу ердаги турлар таркиби Европага қараганда камбағалроқ, аммо бу етарлича ўрганилмагани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Ҳозир доим янги турлар тавсифланмоқда, аввалдан маълум бўлган турларнинг мақоми қайта кўриб чиқилмоқда — замонавий генетик усуллар уларни аниқлаш ва ажратиш имконини беряпти. Сўнгги икки йилда Марказий Осиёда Берлин табиатшунослик музейининг систематика билан шуғулланувчи немис жамоаси экспедицияси ишлади. Ҳозирча янги турлар аниқланмаган, аммо бу ерда биологияси ва экологияси деярли ўрганилмаган ўзига хос қўлқанотлилар яшайди. Янги тадқиқотлар талаб этилади.
Маҳаллий экспертлар ва мутахассислар ҳамжамияти билан мулоқот қилиш орқали олган маълумотларимдан келиб чиқиб айта оламанки, бу ерда жониворлар учун йирик реабилитация марказига эҳтиёж жуда долзарб. Бундай муассаса доирасида алоҳида йўналиш қўлқанотлиларга бағишланиши мумкин.
Фото: Вакуленко Элизавета / Украина қўлқанотлиларни реабилитация қилиш маркази.
Ўзбекистон одамларни кўршапалакларга эътибор қаратишга нима ундаши мумкин, деган саволга жавоб топиши керак. Украинада қўлқанотлиларнинг барча турлари Қизил китобга киритилган. Бу қонун даражасида ҳар доим ҳам самарали ишламаса-да, психологик жиҳатдан жуда яхши таъсир қилади: одамга унинг олдида Қизил китобга киритилган жонивор турганини айтсангиз, у унинг қадри ҳақида ўйлай бошлайди. Кўршапалаклар бундай мақомга эга бўлмаган Ўзбекистонда эса уларнинг улкан фойдаси ҳақидаги далил энг яхши ишлаши мумкин: улар юзлаб тонна зараркунанда ҳашаротларни ейди, демак, одамлар ва мамлакатга ёрдам беради.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, нетопир каби майда қўлқанотли турлар учун махсус уйчалар ўрнатиш зараркунанда ҳашаротлар сонини самарали камайтиради. Масалан, АҚШда кўршапалакларнинг экотизимдаги вазифалари туфайли қишлоқ хўжалиги ҳар йили пестицидлардан тахминан 10 млрд доллар тежайди. Ўзбекистонда ҳозирча бу «қанотли ёрдамчилар»га етарлича эътибор қаратилмаган ва уларнинг самарадорлигини ўрганиш бўйича лойиҳа бошлаш жуда фойдали бўлар эди.
Фото: Украина қўлқанотлиларни реабилитация қилиш маркази.
Қўлқанотлиларнинг қадрини англашга маърифий акциялар ва маърузалар орқали, ҳаққоний маълумотни аста-секин тарқатиш йўли билан эришиш мумкин. Биз барчамиз маълум бир «ахборот коди» ичида туғиламиз ва нима яхши-ю, нима ёмонлиги ҳақидаги тасаввурларни шакллантирамиз. Муносабат аста-секин, қадамма-қадам тарбияланади. Украинада бундай стратегия аллақачон самарали ишлаяпти ва мен Ўзбекистонда ҳам бу иш беришига ишонаман.
Кўршапалакларга қандай ёрдам бериш мумкин?
Кўршапалакка ёрдам кераклигини уни бу жонивор учун ғайритабиий шароитда топганингизда тушуниш мумкин. Масалан, у ерда ётган бўлса, унга мушуклар ёки қарғалар ҳужум қилаётган бўлса ёки қишда хонага учиб кириб, мустақил чиқа олмаётган бўлса. Бундай ҳолатларда унга ҳақиқатан ҳам эътибор қаратиш керак.
Ҳаракат қилишда эҳтиёт бўлиш лозим: кўршапалак ҳеч қандай ҳолатда тишлаб олмаслиги учун албатта қўлқоп кийинг ёки уни эҳтиёткорлик билан қалин матога ўранг. Шундан кейин жониворни кўрик учун мутахассисларга топшириш керак. Кўрикдан сўнг уни ё табиат қўйнига қўйиб юборишади, ёки зарур бўлса, тегишли парвариш билан таъминлашади.
Фото: Украина қўлқанотлиларни реабилитация қилиш маркази.
Агар кўршапалак алоҳида сақланаётган бўлса (масалан, ҳаво кириши учун тешикчалари ва ичида юмшоқ латтаси бўлган пластик қути ёки банкада), у уй ҳайвонлари учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Шунга қарамай, уни мушук билан таништириш ва уни жуда яқин олиб бориш керак эмас.
Ёввойи популяцияни кўршапалаклар учун уйчалар ўрнатиш орқали қўллаб-қувватлаш мумкин. Бу Европада жуда кенг тарқалган амалиёт, чунки қўлқанотлилар ўзлари ин қурмайди ва ин қазимайди — улар фақат табиат ёки инсон яратган жойлардан: дарахт каваклари, ғорлар, қоя ёриқлари ёки бинолардан фойдаланади. Сунъий уйчалар уларни паноҳ жойлари билан таъминлашга ёрдам беради. Ёзда ҳарорат 45−55 даражагача кўтариладиган Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларида бундай конструкциялар қизиб кетишдан ҳимояланган бўлиши муҳим — кучли иссиқ кўршапалаклар учун ҳалокатли хавф ҳисобланади.
