Украина Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси (КҚКМБ) ва Коррупцияга қарши ихтисослаштирилган прокуратура (КҚИП) мамлакат президенти офисининг собиқ раҳбари Андрей Ермакка нисбатан гумон эълон қилди. Бу ҳақда идоралар баёнотига таяниб, «РБК-Украина» хабар бермоқда.
«КҚКМБ ва КҚИП Киев яқинидаги элита қурилишда 460 миллион гривна (тахминан 10,5 миллион доллар) миқдоридаги маблағларни легаллаштиришга алоқадор уюшган гуруҳни фош этди. Гуруҳ иштирокчиларидан бири сифатида Украина президенти офисининг собиқ раҳбари гумонланмоқда», — дейилади баёнотда.
Ермак жиноий йўл билан олинган мулкни легаллаштириш (ювиш) моддаси (Украина Жиноят кодексининг 209-моддаси 3-қисми) бўйича гумонланмоқда. Ушбу модда 8 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.
КҚКМБ ва КҚИП маълумотларига кўра, 2020 йилда таркибига Тимур Миндич ва Украина собиқ бош вазири ўринбосари Алексей Чернишов кирган бир гуруҳ тадбиркор ва сиёсатчилар Киев яқинида шахсий яшаш учун тўртта хусусий қароргоҳ сотиб олишга келишиб олган. Лойиҳа «Династия» номини олган. Идоралар талқинига кўра, 2021−2025 йиллар давомида қароргоҳларнинг бўлажак эгалари ва бошқа шахслар қурилиш давомида қарийб 9 миллион доллар маблағни ювган.
Ермак тергов ҳаракатлари якунлангунга қадар вазиятга изоҳ беришдан бош тортди. «Династия» кооперативида уйи бор-йўқлиги ҳақидаги саволга Украина президенти офисининг собиқ раҳбари шундай жавоб берди: «Менинг ҳеч қандай уйим йўқ, фақат битта хонадоним ва сиз кўриб турган мана шу битта автомобилим бор, холос».
Президент офиси ҳам изоҳ беришни истамади. «Кўриб турганимиздек, процессуал ҳаракатлар ҳали давом этмоқда, ҳозирча баҳо беришга эрта», — деди президент маслаҳатчиси Дмитрий Литвин.
Андрей Ермак Украина президенти офисини 2020 йил февраль ойидан буён бошқариб келаётган эди. У Владимир Зеленскийнинг яқин сафдоши ва Украина сиёсатидаги энг нуфузли шахслардан бири ҳисобланади.
Зеленский Ермакни 2025 йил ноябрь ойи охирида, «Энергоатом» давлат компанияси атрофидаги йирик коррупция можароси авж олган пайтда лавозимидан бўшатганди. КҚКМБ ва КҚИП иши бўйича президентнинг собиқ бизнес-шериги Тимур Миндич ва бошқа юқори мартабали украин мулозимлари фигурантга айланган.