Қашқадарёдаги Муборак газни қайта ишлаш заводига экологик қонунбузилишлар учун қарийб 11 млрд сўм компенсация белгиланди, деб хабар бермоқда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси.

Қайд этилишича, Давлат экологик назорат инспекцияси Экология полицияси ходимлари билан ҳамкорликда Муборак газни қайта ишлаш заводи фаолиятини ўрганган. Ўрганиш давомида корхона томонидан қатор экологик қонунбузилишларга йўл қўйилгани аниқланган. Хусусан, завод ҳудудида қурилиш ва бошқа турдаги чиқиндилар ноқонуний жойлаштирилгани, бу эса атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатаётгани маълум бўлган.

Қўмитага кўра, чиқиндиларни жойлаштириш натижасида ҳосил бўлган чанг заррачалари атмосфера ҳавосини ифлослантириб келган. Шунингдек, зарарли газларни ёқиш жараёнида атмосферага олтингугурт, углерод ва азот оксидлари меъёрдан ортиқ миқдорда чиқарилгани қайд этилган.

Бундан ташқари, ишлаб чиқариш жараёнида газни тозалашдан ҳосил бўлган оқова сувлар нефть маҳсулотлари билан аралаш ҳолда очиқ майдонларга ташлангани аниқланган.

Ҳолат юзасидан корхонага нисбатан 10 млрд 834 млн сўм миқдорида қўшимча компенсация белгиланган. Шунингдек, бажарилиши мажбурий бўлган 7 банддан иборат кўрсатма берилган. Тўпланган ҳужжатлар судга юборилган.

Аввалроқ Сурхондарёнинг Бойсун туманида дарёга нефть аралаш суюқлик оқиб кетиши ортидан 8,5 млрд сўмдан ортиқ компенсация ҳисобланган эди. Қайд этилишича, 1,2 тонна миқдордаги суюқлик Eriell томонидан қазилган ҳандақлардан тошган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда экологик ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга нисбатан жарималар каррасига оширилмоқда. Хусусан, молиявий санкциялар атроф-муҳитга етказилган зарар ва тўланиши лозим бўлган компенсация миқдорига боғланмоқда.