• Чт. Июн 11th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

АҚШ компаниялари билан тиббиёт ходимлари ва ҳайдовчиларни тайёрлаб, ишга жойлаштириш бўйича келишувларга эришилди


Ўзбекистон делегацияси Нью Йоркдаги халқаро миграция форуми доирасида АҚШнинг таълим, рекрутинг ва юридик ташкилотлари билан меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Томонлар тиббиёт ходимлари ва ҳайдовчиларни тайёрлаш, H-2A визалари ҳамда мигрантлар ҳуқуқий ҳимояси бўйича келишувларга эришди. Бу ҳақда Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Миграция агентлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси вакилларидан иборат делегация 5−10 май кунлари Нью Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро миграцияни кўриб чиқиш форумида (IMRF) иштирок этди.

Делегация АҚШнинг қатор ташкилотлари билан аниқ йўналишлар бўйича музокаралар ўтказди. Жумладан, Logan University (тиббиёт университети) билан АҚШ меҳнат бозори учун тиббиёт ходимларини мақсадли тайёрлаш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ва инсон ресурсларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Missouri Trucking School (ҳайдовчилик мактаби) вакиллари билан юк автомобили ҳайдовчиларини АҚШ стандартлари асосида тайёрлаш ва ишга жойлаштириш механизми муҳокама қилинди. Гап 160 соатлик махсус ўқув дастури ҳақида бормоқда.

Шунингдек, NCAE (АҚШ қишлоқ хўжалиги иш берувчилари кенгаши) билан АҚШдаги иш берувчилар иштирокида меҳнат форумлари ташкил қилиш ва мавсумий иш дастурларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Head Honchos (мавсумий иш рекрутинг) компанияси билан H-2A визаларини расмийлаштириш, Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги кадрлар салоҳиятини АҚШда тарғиб қилиш ва 8−10 ҳафталик тайёрлов курсларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, Ballon Stoll юридик фирмаси билан O, H-2A, H-2B, H-1B ва E визалари орқали иш имкониятлари, шунингдек АҚШдаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг ҳуқуқий ҳимояси механизмларини кучайтириш муҳокама қилинди.

Аввалроқ Миграция агентлиги АҚШнинг USA Farm Labor ташкилоти билан мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига жалб этиш бўйича келишув имзолаган эди. Ҳужжатга кўра, ўзбекистонликлар Қўшма Штатлардаги фермаларда ойига ўртача 3500 доллар маош билан ишлашлари кутилмоқда.

Шунингдек, Head Honchos LLC компанияси билан ўзбекистонликларни АҚШга мавсумий қишлоқ хўжалиги ишларига юбориш бўйича келишувга эришилди. Номзодлар танланиб, тайёргарликдан ўтказилади, халқаро стандартлар асосида ишга жойлаштирилади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *