• Чт. Июн 11th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Уйимизни бузиб, тадбиркорга бермоқчи». Тошкентда уйсиз қолаётган оила ҳокимиятдан норози (видео)


Яккасарой туманининг Чўпонота кўчасида жойлашган 48 ва 50-хонадонлар тақдири билан боғлиқ можаро 8 йилдан буён давом этиб келмоқда. Ўз вақтида ҳужжатлаштирилмаган хонадонларни 20 йилдан сўнг туман ҳокимлиги эгасиз, деб топиб, судга берди. 2025 йилнинг август ва октябрь ойларида уйларнинг маълум қисми суд қарорисиз бузиб ташланди. Оила вакилларининг айтишича, туман ҳокимлиги 14 сотихдан иборат ушбу уйни меҳмонхона қуриш учун ишбилармонларга беришни режалаштирган. Бунинг эвазига эса тадбиркорлар ҳокимиятга кўп қаватли уйлардан 3 та хонадон совға қилган.

Gazeta мухбири Миролим Исажонов мазкур хонадонда бўлди ва оила вакиллари билан суҳбатлашиб, масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилди.

[Видео]

«Ҳокимият уйимизни тадбиркорга бермоқчи»

Хонадон бекаси Муҳайё Ҳакимжонованинг айтишича, оила мазкур уйга 30 йил аввал кўчиб келган ва доимий истиқомат қилади. Уй можароси эса 2018 йилдан бери давом этмоқда.

«48 ва 50-уйларда олдин Мария Хромова исмли рус аёл оиласи билан яшаган. У вафот этганидан кейин фарзандлари Шуҳрат Хажаев деган фуқарога сотган. Бир неча йил ўтгач, биз харид қилганмиз. 1996−1997 йилларда сотиб олган вақтимизда кадастр, БТИ ҳужжатлари ва коммунал тўловларга оид барча қоғозлар бўлган. 14 сотихдан иборат бу ҳовлига кўчиб келганимиздан кейин бешинчи фарзандимиз туғилди. Жами еттита жон: беш фарзанд ва эр-хотин 30 йилдан бери узлуксиз мазкур хонадонда яшаб келяпмиз», — дейди аёл.

«Вазирлар Маҳкамасининг қарорига ишониб, 2018 йилда қўшнилар билан уйларимизни ҳужжатлаштириш мақсадида туман ҳокимлигига бордик ва аризалар топширдик. Орадан маълум вақт ўтиб, қўшниларимиз уйларига ҳужжатлар чиқариб берилганини айтишди. Уларнинг хонадони 1−3 сотихдан иборат. Биз хайрон бўлдик, уйимизга кадастр ва бошқа бирор ташкилотдан вакил ҳам келмаяпти. Нурилло исмли ҳоким ўринбосаридан сўраганимизда, ҳал қилиб берамиз, деган жавобни айтди. Унинг гапига ишониб, яна кутишни бошладик. Кунларнинг бирида суддан чақирув қоғози келди. Хатни ўқисак, ҳокимият уйимизни эгасиз, деб топибди ва судга берибди», — дея қўшимча қилди Муҳайё Ҳакимжонова.

Унинг сўзларига кўра, тадбиркорлар туман ҳокимиятига Тошкент марказининг турли нуқталарида жойлашган кўп қаватли уйлардан 3 та «дом» берганини айтган.

«Эвазига эса 14 сотихли уйимизни тадбиркорларга бериш режа қилинган. Унинг ўрнига меҳмонхона қуриш кўзда тутилган. Туман ҳокимининг ўринбосари Абдурасул Ваҳобов ҳам худди шу гапни тасдиқлади», — дейди у.

«Инсон қадри бир тийин бўлиб қолди»

Муҳайё Ҳакимжоновага кўра, 2020 йилда туман прокурори, ИИБ, солиқ ва МИБ раҳбарлари ушбу хонадонда бўлиб, уй ҳужжатлари билан танишган. «Ўшанда туман прокурори Бекзод Шамшиев «Тадбиркорлар томонидан ҳокимиятга тақдим этилган «дом»лар тақдирини ўрганамиз, қачон ва кимларга берилганини аниқлаймиз», деган. Аммо ҳалигача бу ҳақда бирор натижа билан танишмадик», — дейди у.

Аёл мазкур уй масаласи туманнинг учта ҳокими даврида қабул қилинмаганини ачиниш билан таъкидлади.

«Бу можаро Сарвар Маҳаметовнинг ҳокимлик даврида бошланган. Кейин Анвар Сайфутдинов билан учрашувда ҳам айтганмиз, у ҳоким „Мен ҳеч нарсага аралашмайман“, деган. Ундан кейин туман прокурори Нилуфар Аллаберганова ҳоким бўлгач, „Маҳалла“ телеканали журналисти билан 2020 йил ноябрида унинг олдига бордик. Ҳоким уй масаласини албатта, ўрганамиз, сизларни ҳеч ким кўчага чиқармайди, деган. Шундан сўнг бирор ўзгариш бўлмади», — дейди хонадон бекаси.

бузиш, снос, яккасарой тумани

«Бир неча уринишлардан сўнг яна ҳоким қабулига киришга муваффақ бўлдик. Ўшанда фарзандларим билан ҳоким хонасининг олдида кеч соат 21:00 гача кутганмиз. Охири қабул қилган. У бизни эшитиб бўлгач, „Мен нима учун бировдан қолган масалани ҳал қилиб бершим керак?“, деган. „Ҳоким бўлиб ўтирганиздан кейин ёрдам бериб, ҳал қилишингиз керак“, десам, жаҳли чиққан ва ўрнидан туриб кетиб, яхши муомала қилмаган. Қисқаси, бу аёл ҳокимдан ҳам фойда бўлмаяпти. Инсон қадри бир тийин бўлиб қолди. Бизга ҳеч ким ёрдам бермаяпти, мурожаатларимизга жиддий қарашмаяпти», — дея қўшимча қилди Ҳакимжонова.

«Судларга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлди»

Оила вакили Мадина Ҳакимжонова суд тизимидан норози эканини айтаркан, судья чиқарган қарорларга нисбатан шубҳа пайдо бўлганини билдирди.

«Маҳалла раиси, инспектор, қўшниларимиз бизни қўллаб-қувватлаб, шу уйда 30 йилдан бери яшаб келаётганимизни тасдиқлашяпти. Шунга қарамай, ҳокимият Шерзод ва Абдумалик исмли тадбиркорлардан учта „дом“ олиб, эвазига бизнинг уйимизни ажратиб бермоқчи. Ҳар суд ишида ҳокимият ютяпти. Судьялар „Тўғри тушунинглар, бу ерда ҳокимият даъвогарлик қилаётгани учун биз сизлар томонга қарор чиқариб бера олмаймиз“, дейишди. Шундан сўнг бизда судларга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлди. Судья қандайдир манфаатдорки, ҳокимият фойдасига қарор чиқаряпти, ишни адолатли кўрмаяпти. Шу сабабли ҳар суд ишида биз ютказдик», — дейди у.

бузиш, снос, яккасарой тумани

Мадина Ҳакимжонова.

Унинг қайд этишича, суд қарорида оилани хонадондан чиқариш ёзилган. Лекин МИБ ва ҳокимият вакиллари икки марта ҳеч қандай огоҳлантиришсиз уйларни бузиб ташлаган.

«Қўлида бузиш ҳақида ҳеч қанақа қарори бўлмай туриб, хоҳлаган ишини қилишяпти. Ўтган йили 9 августда бузишди, кейин 14 октябрь куни яна келиб, маълум қисмини бузиб ташлашди. Ҳар сафар огоҳлантирмай, бостириб келишади. Бизга жуда қўпол муносабатда бўлишди. Ҳоким ўринбосари Абдурасул Ваҳобов ҳам ҳақоратлаб, куракда турмайдиган сўзлар билан қўрқитишга уринди. Бузиш жараёнларини телефонга олаётсам, «Қўлидагини олиб ташла, ҳеч нарса қила олмайди», деди. Ҳақиқатан ўша куни ҳеч нарса қилолмадик: президент қабулхонасига, «102»га, прокуратура ва бошқа ташкилотларга ҳам қўнғироқ қилсак, «Биз аралаша олмаймиз ҳозир», дейишди. Ўтган вақт ичида ҳамма ташкилотдан бир хил мазмунда жавоб хатлари келяпти», — дейди Мадина Ҳакимжонова.

Президентга мурожаат

Оила боши Абдуҳалил Ҳакимжонов мазкур хонадонни бировдан ўғирлик ёки зўравонлик қилиб тортиб олмагани, ҳалил пулига харид қилганини таъкидлади.

бузиш, снос, яккасарой тумани

Абдуҳалил Ҳакимжонов.

«Президент топшириғидан кейин ҳудудларда сайёр қабуллар ўтказиш анъанага айланди. Шаҳар прокурори [Баҳриддин] Валиев ўтказган шундай мулоқотларнинг бир қанчасида иштирок этиб, бир мартагина уй масаласини айтганман. У ҳужжатлар билан танишиб чиқиб, қонуний ҳал қилиб беришда ёрдамлашишини айтди. Ҳеч қанча вақт ўтмай, ишдан олингани ҳақида хабар топдик. Ундан кейинги пойтахт прокурори Эркин Йўлдошев ҳам ҳужжатларни кўздан кечириб, ҳал қилишда ёрдамлашишини билдирди. Лекин амалий натижа йўқ», — дейди Ҳакимжонов.

«Ҳамма ташкилотда тизим бузилиб бўлди, ҳамма ёқда порахўрлик. Пора таклиф қилсанг ишинг битади, бўлмаса йўқ, ҳатто эшигидан ҳам кирмайсан. Президент айтган вақтда жонланиб қолишади, икки-уч ойдан кейин яна ташлаб қўйишади. Арзиамиз тонналаб, машиналаб чиқади, лекин арзни эшитадиган одам йўқ. Ариза ёзсангиз, туманга келади, ярим йил ўтса ҳам жавоб йўқ. Ташкилотлар ўртасида сарсон бўлиб чарчадик. Менга ҳеч қанақа уй ҳам, компенсация ҳам керак эмас. Мана шу уйимнинг ҳужжатини қилиб беришларини сўрайман», — дея қўшимча қилди оила раҳбари.

Муҳайё Ҳакимжонова ҳам Олий суд раиси, Бош прокурор, Президент портали, Тошкент шаҳар ҳокимига қилинган мурожаатлар самара бермаётганини қайд этди.

«Фақатгина президент Шавкат Мирзиёев ва админстрация раҳбари Саида Мирзиёевадан ёрдам сўраб, мурожаат қиламиз. Бошқа иложимиз йўқ, бирор ташкилот бизни эшитиб, муаммони ҳал қилиб бермаяпти. Хўжайиним касал, битта жойда ётади. Уч қизимни турмушга беришим керак. Саккиз йилдан бери оилавий ҳаловатимиз йўқ, биз ҳам хотиржам яшашни истаймиз», — дейди аёл.

«Туман ҳокими чиқарган қарор бекор қилиниб, уйимизнинг эгалик ҳуқуқини бизга тиклаб беришса, саккиз йиллик можаро тугайди, деб ўйлайман», — дейди Мадина Ҳакимжонова.

Gazeta мазкур можаро юзасидан Яккасарой тумани ҳокимлиги ахборот хизматига бир неча маротаба мурожаат қилиб ҳам изоҳ ололмади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *