• Чт. Июн 11th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Таиланд сайёҳлар учун визасиз бўлиш муддатини 30 кунгача қисқартирмоқчи – Gazeta



Таиланд Ташқи ишлар вазирлиги чет эллик сайёҳлар учун визасиз қолиш муддатини 60 кундан 30 кунгача қисқартириш режасини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади, деб ёзмоқда Reuters.

Ташқи ишлар вазири Сиҳасак Пуангкеткео бу муддат қачондан кучга киришини очиқламаган.

«Бизнингча, 60 кун — эҳтимол жуда узоқ муддат ва ҳақиқий сайёҳ бўлмаган айрим шахслар визасиз режимдан ноқонуний мақсадларда фойдаланмоқда. Биз назоратни кучайтиришни хоҳлаймиз», — деди вазир (Thai PBS иқтибоси).

Унинг сўзларига кўра, визасиз бўлиш муддатини қисқартириш таклифи аввалги маъмурият давридаёқ тайёрланган эди, бироқ сайловлар туфайли уни кўриб чиқиш қолдирилган. Эндиликда масъул идоралар билан маслаҳатлашувлар ўтказилади, аммо Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг таъкидлашича, у ташаббуснинг қабул қилинишида ҳеч қандай муаммо бўлишини кутмаяпти.

Бундан ташқари, бир нечта виза тоифаларини қайта кўриб чиқиш талаб этилади, чунки улар жуда кўп ва баъзилари бирлаштирилиши мумкин.

Мамлакат бош вазири Анутин Чарнвиракул қоидаларни қайта кўриб чиқиш учун ишчи гуруҳ тузишга кўрсатма берди. Bloomberg нашрининг таъкидлашича, ҳукуматнинг бу хатти-ҳаракатлари мигрантларнинг ноқонуний фаолияти туфайли даромад манбалари хавф остида эканидан шикоят қилаётган маҳаллий бизнес вакилларига жавоб бўлди.

Таиланд 2024 йил июль ойидан бошлаб 93 та давлат сайёҳлари учун визасиз даврни белгилаганди.

2026 йил 1 январдан 10 майгача Таиланд 12,4 миллион хорижий сайёҳни қабул қилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,43 фоизга камдир. Туризм иқтисодиётнинг муҳим ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб, хорижлик сайёҳлар оқими 2019 йилда қарийб 40 миллионга етганди.

Маълумот учун, Таиланд ҳукумати Ўзбекистон фуқаролари учун 2024 йил ёзида 60 кунгача визасиз кириш режимини расман жорий қилган. Кутилаётган ўзгаришнинг Ўзбекистонга таъсири ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *