«Ўзбекистон темир йўллари» Тошкент-Самарқанд темир йўли ўтказувчанлик қобилиятини ошириш лойиҳаси доирасида Ховос-Даштобод электрлаштирилган темирйўл линияси қурилишига старт берилди. Бу ҳақда Тошкент минтақавий темирйўл узели (МТУ) хабар қилди.
Қайд этилишича, Сирдарё вилоятининг Ховос туманини Жиззахнинг Даштобод шаҳри билан боғловчи лойиҳа юк поездларининг манзилга етиб бориш вақтини қисқартириш, темирйўл хизматларини ривожлантириш ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Тошкент МТУ филиали бошлиғи Ойбек Худойқулов қурилиш жараёнининг бошланишига бағишланган тадбирда иштирок этди. Унинг таъкидлашича, янги линия поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, узлуксиз қатновни йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Лойиҳанинг умумий узунлиги 28 километрни ташкил этади. Қурилишнинг биринчи кунида 203-сонли тажриба йўл машина станцияси ходимлари томонидан 1 км темир из ётқизилди.
Ховос-Даштобод янги электрлаштирилган линиясини қуриш режаси 2025 йил ноябрида президент Шавкат Мирзиёевга темирйўл соҳасини ривожлантириш бўйича тақдим этилган режалар доирасида маълум қилинган эди. Ўшанда 2026−2030 йилларда 151 км янги темирйўл қуриш, 182 км линияни электрлаштириш, 27 та станцияни модернизация қилиш, 1000 километрлик темирйўлни янгилаш режалаштирилаётгани айтилган.
Тақдимотда Тошкент-Самарқанд йўналишининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, Ховос-Даштобод йўналиши билан бир қаторда Нурафшон-Пискент-Бўка-Бекобод-Боёвут-Янгиер электрлаштирилган линияси қурилиши, шаҳарлар атрофида қатнайдиган поездлар ҳаракатини фаоллаштириш мақсадида мавжуд 40 та йўналишга қўшимча яна 15 таянги йўналиш очиш ҳам режалаштирилгани маълум қилинганди.
Аввалроқ ушбу режалар доирасида Тошкент вилоятида Байтқўрғон- Паркент электрлаштирилган темирйўл участкасида қурилиш ишлари якунланган эди. Қурилиш 2025 йил январида бошланган эди. Лойиҳа узунлиги 23,8 километрни ташкил этади. Уфойдаланишга топширилгач, Паркент тумани йирик сайёҳлик манзилларидан бирига айланиши кутилмоқда.
