• Чт. Июн 11th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Ўзбекистонда сафарбарлик тўғрисида қонун қабул қилинмоқда



Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 13 майдаги мажлисида «Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Маърузага чиққан мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедовнинг таъкидлашича, қонунни қабул қилиш зарурияти қуйидаги омиллар билан асосланади. Хусусан, давлат органлари ва иқтисодиёт тармоқлари ўртасида сафарбарлик соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи ягона ҳуқуқий асос мавжуд эмас. Шу билан бирга, мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги қонун ҳужжатларида сафарбарлик масалалари тўлиқ баён этилмаган.

Бундан ташқари, тинчлик даврида сафарбарлик тайёргарлигини ташкил этиш, сафарбарлик тадбирларини ўтказиш, давлат органлари, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини ҳарбий тажовузга қарши тайёрлаш механизмлари белгиланмаган. Бу йўналишда хорижий давлатларда, хусусан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги аъзо давлатлар амалиётида сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик масалалари алоҳида қонун ҳужжати билан тартибга солинган.

Қонун лойиҳаси олтита боб, 42 та моддадан иборат. Лойиҳада қуйидагилар белгиланмоқда:

  • Сафарбарликка тайёргарлик тадбирларини ўтказиш тартиби;
  • сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик соҳасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон президенти, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ваколатлари;
  • сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик соҳасида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, ташкилотлари, фуқароларнинг мажбуриятлари;
  • умумий ёки қисман сафарбарлик эълон қилиш асослари, тартиби ва муддати бўйича нормалар, шунингдек, умумий ёки қисман сафарбарлик даврида ҳарбий хизматга чақириш тартиби.

Бундан ташқари, сафарбарлик даврида чақирилган фуқаролар учун иш жойини сақлаб қолиш, кредит тўловларини кечиктириш, етказилган зарарларни компенсация қилиш каби ижтимоий кафолатлар ҳам мустаҳкамланмоқда.

«Сафарбарлик тайёргарлиги ва сафарбарлик тўғрисидаги қонунни қабул қилиш натижасида сафарбарлик соҳасидаги муносабатлар ягона қонун ҳужжати билан тартибга солинади. Бу эса тинчлик даврида сафарбарлик тайёргарлигини ташкил этиш ҳамда алоҳида даврда вазирликлар, идоралар, ташкилотлар ва фуқароларнинг сафарбарлик шайлигини таъминлаш учун асос бўлиб хизмат қилади. Мамлакатимиз мудофаа салоҳияти, Қуролли кучларимиз жанговар сафарбарлик шайлигини янада ошириш бўйича вазифаларни янада сифатли бажарилиши таъминланади. Мамлакат иқтисодиётини уруш ҳолатига ўтказиш, давлат органларининг сафарбарлик соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланади. Энг асосийси, давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ҳамда аҳолимизнинг тинч ҳаёти ишончли таъминланади», — дейди Холмуҳамедов.

Қонун эълон қилинган кундан эътиборан 12 ой ўтгач кучга кириши белгиланмоқда. Мазкур қонун қабул қилиниши давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратишни талаб қилмайди.

Қонун биринчи ўқишда қабул қилинди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *