112 нафар Нобель мукофоти лауреати Эрон расмийлари ва халқаро ҳамжамиятни ҳибсдаги ҳуқуқ ҳимоячиси Наргес Муҳаммадининг соғлиғи ёмонлашгани сабабли уни озод қилишга чақирди, деб хабар бермоқда Guardian.
12 май куни эълон қилинган қўшма баёнотда улар 2023 йилги Нобель тинчлик мукофоти лауреати Муҳаммадини зудлик билан ва сўзсиз озод этишни талаб қилди.
10 май куни Муҳаммади оғир аҳволда тез ёрдам машинасида Теҳрондаги «Парс» касалхонасига етказилган. Унинг вакилларига кўра, ҳибсда бўлган вақтида ҳуқуқ ҳимоячиси анча вазн йўқотган, қон босимининг беқарорлиги ва юракдаги жиддий муаммолардан азият чеккан. Касалхонага ётқизилгунига қадар у қамоқхона камерасида ҳушсиз ҳолатда топилган — тахминларга кўра, у юрак хуружини бошдан кечирган.
«Тиббиёт экспертлари унинг ҳаёти хавф остида бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда, — дейилади Нобель лауреатлари баёнотида. — Унга бир неча ой давомида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш рад этилган».
Мурожаатни кимё бўйича 26 та, иқтисодиёт бўйича 12 та, адабиёт бўйича 5 та, тиббиёт бўйича 29 та, тинчлик йўналишида 11 та ва физика бўйича 29 та Нобель мукофоти лауреати имзолаган.
54 ёшли Наргес Муҳаммади 2023 йилда «Эронда аёлларнинг камситилишига қарши кураши ҳамда барча учун инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тарғиб қилгани учун» Нобель тинчлик мукофотига сазовор бўлганди. Эрон расмийлари фаолни 1998 йилдан буён бир неча бор ҳибсга олган. У ўлим жазосига ва ҳижоб ўраш мажбурийлиги ҳақидаги қонунларга қарши чиққан. Унинг бир нечта ҳукмлар бўйича умумий қамоқ муддати 44 йилдан ошади. 2026 йил февраль ойида Муҳаммади жиноят содир этиш мақсадида тил бириктириш ва ҳукуматга қарши тарғибот учун 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилганди.
