Шавкат Мирзиёев Тошкент метрополитенида йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда инфратузилмадан фойдаланиш самарадорлигини ошириш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, тақдимотда ҳаракат таркибларини янгилаш ва электродепо қуриш масалалари ҳам муҳокама қилинди. 2027−2030 йилларда метрополитен учун талаб этиладиган ҳаракат таркибларини харид қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади. Шу муносабат билан янги ҳаракат таркиблари учун электродепо қуришга зарур ер майдони ажратилади.
Шунингдек, 2027−2035 йилларда Тошкент метрополитенини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш белгиланмоқда. Унда метрополитен тармоқларини икки баробарга кенгайтириш, йўловчи ташиш ҳажмини 2,5 баробарга ошириш, экологик барқарор, энергия тежамкор ва хавфсиз транспорт тизимини яратиш, сервис сифати ва йўловчилар учун қулайликларни янада ошириш вазифалари қамраб олинади.
Йўл кира ҳақини тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ҳам таклифлар билдирилди. Хорижий тажриба асосида масофага қараб тўлаш, аҳоли тоифалари учун имтиёзлар, кунлик, ҳафталик ва ойлик абонементлар тизимини жорий этиш имкониятлари ўрганилади.
Шунингдек, автотранспортдан метро тизимига қулай ўтишни таъминлаш мақсадида Park&Ride (бу транспорт тизими бўлиб, ҳайдовчилар автомобилни шаҳар четидаги махсус автотураргоҳда қолдириб, кейин жамоат транспорти орқали марказга йўл олади) тизимини йўлга қўйиш таклиф қилинди.
Президентимиз жамоат транспорти, айниқса, метрополитен йирик шаҳар ҳаётида энг муҳим инфратузилмалардан бири эканини таъкидлади. Шу боис, хизмат сифати, хавфсизлик, молиявий барқарорлик ва замонавий бошқарувни бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда ривожлантириш зарурлиги қайд этилди. Тақдим этилган таклифларни маъқулланиб, уларни амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.
