Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 12 май куни 2026−2029 йилларда мамлакат ўрта таълим тизимига сунъий интеллектни жорий этишни назарда тутувчи фармонни имзолади. Фармон матни Акорда сайтида эълон қилинди.

Ҳужжатнинг мақсади сифатида «сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши шароитида» Қозоғистоннинг барқарор ривожланишини таъминлаш ва инновацион таълим тизимини «инсон капиталининг асосий элементи сифатида» шакллантириш кўрсатилган.

Қозоғистон ҳукуматига 2026 йил 1 июлга қадар мактабларда сунъий интеллектни жорий этиш режасини тасдиқлаш топширилди. У шахсийлаштирилган таълим механизмини, рақамли инфратузилмани яратишни, педагогик кадрларни тайёрлашни ва ўқувчиларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилишни ўз ичига олиши керак.

2026 йил 1 августга қадар мактабларни барқарор юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилади.

Мактабларда СИни қўллаш стандартларини шу йилнинг сентябрь ойигача тасдиқлаш режалаштирилган. Улар таълим контентини яратиш ва ўқиш натижаларини баҳолаш, шунингдек, академик ҳалоллик кафолатлари каби масалаларни тартибга солади.

Аввалроқ Қозоғистон ҳукумати иқтисодиёт ривожланишини прогноз қилиш учун сунъий интеллектдан фойдаланиши маълум бўлганди. Апрель ойи охирида мамлакат бош вазири Олжас Бектенов давлат органларига «давлат иқтисодий сиёсати самарадорлигини ошириш» учун СИни жорий этишни топширганди.

Қозоғистонда 2026 йил Рақамлаштириш ва сунъий интеллект йили деб эълон қилинган. «Илғор технологияларнинг жорий этилиши мамлакатнинг барча соҳалардаги салоҳиятини кучайтиришга имкон беради», — деб таъкидлаган эди мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тоқаев.