Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 13 майдаги мажлисида «Ҳарбий хизматчилар мақоми ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Сўзга чиққан мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедовнинг таъкидлашича, ҳозиргача ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий мақоми ва ижтимоий ҳимоясини комплекс тартибга солувчи ягона қонун йўқ. Шу сабабли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Маълум қилинишича, ҳужжат 5 боб ва 37 моддадан иборат бўлиб, унда ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлиги, хизмат ўташ тартиби ҳамда оила аъзоларининг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояси билан боғлиқ муносабатларни комплекс тартибга солиш назарда тутилган.
Лойиҳага кўра, ҳарбий хизматчилар учун давлат томонидан кафолатланадиган ҳуқуқ ва эркинликлар, чекловлар, мажбуриятлар ва жавобгарлик мажмуи «ҳарбий хизматчи мақоми» сифатида белгиланмоқда. Шунингдек, ҳужжатда ҳарбий хизматчи мақомини олиш ва бекор қилиш тартиби ҳам аниқ кўрсатиб ўтилган.
Қонун лойиҳасида ҳарбий хизматчиларни моддий таъминлаш, уй-жой билан таъминлаш, сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, мажбурий давлат суғуртаси, пенсия таъминоти ҳамда хизмат вақтида жароҳат олган ёки ҳалок бўлган ҳолларда компенсация тўлаш кафолатлари мустаҳкамланмоқда.
Бундан ташқари, хизмат йиллари камида 20 йил бўлган ва ҳарбий хизматдан бўшатилган ҳарбий хизматчилар учун йилига бир марта 75 фоизлик имтиёз асосида санаторий-курорт йўлланмаси бериш тартиби жорий этилиши режалаштирилган
Лойиҳада ижтимоий аҳамиятга эга касалликларга чалинган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини даволаш учун, бахтсиз ҳодисалар ёки бошқа табиий офатлардан жабр кўрганлиги учун, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг вафоти муносабати билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваригача бўлган миқдорда (ҳозирда 41,2 млн сўм) йилига бир маротаба моддий ёрдам тўлаб бериш белгиланмоқда.
Депутатлар қонун лойиҳасини саволларсиз биринчи ўқишда қабул қилди.
Эслатиб ўтамиз, 1 апрелдан бошлаб Мудофаа вазирлиги офицерларига кўп йиллик хизмати учун устама миқдори 2 карра оширилди. Контракт асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг ойлик маоши 10 фоизга кўпайтирилди.
Шунингдек, 2025 йил 1 мартдан ҳарбий хизматчиларга турар жойни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун тўланадиган ҳар ойлик пул компенсацияси миқдори 20 фоизга оширилганди. Оила аъзолари 3 киши ва ундан ортиқ бўлган тақдирда 50 фоизга оширилган.