• Чт. Июн 11th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

British Petroleum Устюртдаги нефть-газ лойиҳасига расман қўшилди


Британиянинг BP (British Petroleum) компанияси Қорақалпоғистоннинг Устюрт ҳудудидаги нефть-газ блокларини ўзлаштириш бўйича маҳсулот тақсимоти битимига қўшилди. Лойиҳа «Ўзбекнефтгаз» ва Озарбайжоннинг SOCAR компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар бермоқда.

Келишув Тошкентда ўтган «Ўзбекистон нефть ва гази — 2026» халқаро конференцияси доирасида имзоланди. Маросимда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, «Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси Абдуғани Сангинов, SOCAR президенти Ровшан Нажаф ҳамда BP’нинг Озарбайжон, Грузия ва Туркия бўйича минтақавий президенти Жованни Кристофоли иштирок этди.

Маҳсулот тақсимоти битими Қорақалпоғистондаги Устюрт минтақасида жойлашган Бойтерак, Теренгқудуқ, Бирқори, Ҳарой, Қорақалпоқ ва Қулбой блокларини қамраб олади.

Энергетика вазирлигига кўра, бу BP’нинг Ўзбекистондаги биринчи лойиҳаси ҳисобланади. Лойиҳа нефть ва газ ресурсларини қидириш ва ўзлаштириш ишларини қамраб олади ҳамда узоқ муддатли иқтисодий манфаат яратишга қаратилган.

Шунингдек, мазкур келишув BP’нинг қидирув портфелини кенгайтириш ва компаниянинг узоқ муддатли ўсиш стратегиясининг муҳим қисми экани қайд этилди.

Лойиҳадаги улушлар қуйидагича тақсимланган:

  • BP — 40 фоиз;
  • SOCAR — 30 фоиз;
  • «Ўзбекнефтгаз» — 30 фоиз.

25 март куни Шавкат Мирзиёев ҳузуридаги нефть-газ тармоғини ривожлантиришга бағишланган тақдимот доирасида BP компаниясининг Ўзбекистондаги лойиҳаларда иштироки алоҳида таъкидлаб ўтилган эди. «Бундан ташқари, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш мақсадида Озарбайжоннинг SOCAR ва Британиянинг British Petroleum компаниялари билан биргаликда Устюрт платосидаги янги конларни ўзлаштириш бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда», — деган эди «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Суҳроб Ҳамроев «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

BP (British Petroleum) — 110 йил аввал ташкил этилган ва 70 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритадиган дунёдаги энг йирик халқаро энергетика компанияларидан бири. Тарихан компания жаҳон нефть ва газ секторида асосий ўйинчи бўлган, бироқ сўнгги йилларда у кам углеродли энергияга фаол сармоя киритмоқда.

BP ва SOCAR тарихан мустаҳкам муносабатларга эга. BP маълумотларига кўра, у ва унинг ҳамкорлари 1990 йиллардан буён Озарбайжонда нефть ва газ қидириш, ривожлантириш ва ташиш лойиҳаларига 87 млрд доллардан ортиқ сармоя киритган. Уларнинг ҳамкорлиги Каспий минтақасидаги йирик лойиҳалар, жумладан, Озар-Чираг-Гунешли нефть кони, «Шоҳденгиз» газ кони ва Жанубий газ коридори, шунингдек, нефть-кимё, савдо ва логистика соҳаларидаги қўшма ташаббусларни қамраб олади.

Лойиҳа ҳақида

2025 йил 24 июль куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Озарбайжон Давлат нефть компанияси (SOCAR) ва «Ўзбекнефтгаз» ўртасида маҳсулот тақсимотига оид битим имзоланди. Ҳужжат Устюрт нефть-газ минтақаси — Бойтерак, Теренгқудуқ, Биргори, Харой, Қорақалпоқ ва Қулбой инвестицион блокларида геологик қидирув ишларини олиб бориш ва кейинчалик углеводородларни қазиб олишни кўзда тутади. Ҳужжатга кўра, қидирув ва кузатув ишларини, шунингдек, камида битта қидирув қудуғини бурғилашни беш йил ичида якунлаш кўзда тутилган. Бу даврда SOCAR оператор сифатида ишлайди.

Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа доирасида 100 млн тоннагача нефть ва 35 млрд кубометр газ захиралари аниқланиши мумкин. Режалаштирилаётган инвестициялар ҳажми 2 млрд доллар миқдорида баҳоланмоқда.

SOCAR ва BP компаниялари Қорақалпоғистоннинг Устюрт минтақасига анча аввалроқ қизиқиш билдирганди. 2018 йил май ойида «Ўзбекнефтгаз», SOCAR ва BP Exploration (Caspian Sea) компанияларни Устюрт платосининг Орол денгизи, Сом-Қосбулак ва Бойтерек инвестиция блокларини биргаликда очишга таклиф қилувчи меморандум имзолаган.

2021 йилда BP Устюрт нефть-газ конини ривожлантириш лойиҳасидан чиққан. Британия компаниясининг чиқиб кетиши сабаби сифатида стратегиядаги ўзгариш — «яшил» йўл танлангани ва углеводородларга янги сармоялар киритишдан воз кечилгани келтирилган. Бироқ Британия компанияси ўз стратегиясини яна қайта кўриб чиқмоқда: 2030 йилгача нефть ва газ қазиб олишни қисқартириш режаларидан воз кечиб, инвесторларнинг даромадини ошириш учун углеводородларга эътибор қаратмоқда.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Энергетика вазирлиги Gazeta`га Ўзбекистон Устюрт ҳудуди бўйича маҳсулот тақсимотига оид битим (МТБ) доирасида BP компаниясини жалб қилиш бўйича музокаралар олиб бораётганини маълум қилган эди. Ўшанда компаниянинг қизиқиши тасдиқланган, бироқ шу кунга қадар музокаралар натижалари ва унинг лойиҳадаги эҳтимолий иштироки ҳақида расмий маълумот берилмаган эди.

23 март куни Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усмонов British Petroleum халқаро ривожланиш департаменти раҳбари Майкл Денисон билан учрашув ўтказган. Компания учта йўналиш — углеводородларни қидириш ва қазиб олиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда энергетика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича узоқ муддатли ҳамкорликка қизиқиш билдирган.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *