Россиянинг Бурятия Республикасида қурилаётган кўп қаватли турар жой биносининг 7-қаватидан икки нафар Ўзбекистон фуқароси тушиб кетди. Улардан бири вафот этди, иккинчиси оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.

Ҳодиса 8 май куни Улан Уде шаҳрида содир бўлган. Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консулхонаси маълум қилишича, ҳолат юзасидан Бурятия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан доимий алоқа ўрнатилган ва вазият назоратга олинган.

Аниқланишича, минорали кран бошқарувчиси эҳтиётсизлик билан қурилиш ҳавозасига шикаст етказган. Оқибатда хавфсизлик камарисиз ишлаётган икки нафар фуқаро пастга қулаган.

Жабрланганлардан бири оғир тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Иккинчи фуқаро эса олган жароҳатлари оқибатида вафот этган.

Ҳолат бўйича Бурятия ҳуқуқ-тартибот идоралари Россия Жиноят кодексининг 217-моддаси 2-қисми (Хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги талабларини бузиш эҳтиётсизлик орқали инсон ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатган.

Бош консулхона маълумотига кўра, Миграция агентлигининг Новосибирскдаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда вафот этган фуқаронинг жасадини Ўзбекистонга юбориш чоралари кўрилмоқда.

Аввалроқ Россияда ёнғинда ҳалок бўлган вояга етмаган ўзбекистонликнинг жасади ватанга қайтарилган эди. У Ростов вилояти Батайск шаҳридаги уйда чиққан ёнғин оқибатида ҳалок бўлган. Унинг ҳужжатлари ёниб кетгани сабаб жасадни ватанга қайтаришда муаммо юзага келган. Бош консулхона кўмагида марҳумнинг жасади Краснодар-Тошкент рейси орқали Ўзбекистонга олиб келинган.