BP халқаро энергетика компаниясининг Шимолий Устюрт блоклари бўйича маҳсулот тақсимотига оид битимга қўшилиши лойиҳани амалга оширишни тезлаштириш ва уни юқорироқ технологик босқичга олиб чиқиш имконини беради. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» бош геологи Нодир Муҳиддинов 13 май куни журналистлар билан суҳбатда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, BP’нинг лойиҳага кириши «дунёга машҳур, технологик жиҳатдан жуда ривожланган ва нефть-газ соҳасида катта салоҳиятга эга тажрибали компания» иштирокини англатади.
«Бу Устюртнинг истиқболли нефть ва газ конларини очиш, минтақанинг истиқболли ҳудудларини геологик қидирув ишлари орқали ўрганиш ва янги конларни кашф қилиш имконини яратади», — деди бош геолог.
BP инвестициялари ҳажми ҳақидаги саволга жавоб берар экан, «Ўзбекнефтгаз» вакили сармоя миқдори маҳсулот тақсимотига оид битим шартлари асосида белгиланишини айтди.
Битим Қорақалпоғистоннинг Устюрт ҳудудида жойлашган Бойтерак, Теренгқудуқ, Бирқори, Ҳарой, Қорақалпоқ ва Қулбой блокларини қамраб олади. Лойиҳа «Ўзбекнефтгаз» ва SOCAR билан ҳамкорликда амалга оширилади.
BP маҳсулот тақсимотига оид битимда умумий 40 фоиз иштирок улушини қўлга киритди — компания амалдаги ҳамкорлар бўлган SOCAR ва «Ўзбекнефтгаз»нинг ҳар биридан 20 фоиздан улуш олди. BP қўшилганидан кейин битимдаги улушлар қуйидагича тақсимланди: BP — 40%, «Ўзбекнефтгаз» — 30% ва оператор мақомига эга SOCAR — 30%.
«Ҳозир ушбу битимнинг асосий мақсади — геологик қидирув ишларини олиб бориш, яъни янги конларни очиш. Янги ресурслар ва янги конлар аниқланганидан кейин, қазиб олиш ва газ етказиб бериш бошлангач, уни тақсимлаш масаласи кўриб чиқилади. Ҳозир биринчи навбатдаги вазифа — геологик қидирув ишлари якунлари бўйича янги конларни очиш. Лойиҳанинг асосий мақсади — янги кон очиш ва янги захираларни аниқлаш», — деди Нодир Муҳиддинов.
Унинг қўшимча қилишича, SOCAR ва BP халқаро тажрибага эга компаниялар сифатида лойиҳанинг геологик ва технологик хатарларини ҳисобга олмоқда.
Ўзбекистон учун фойда ҳақидаги саволга жавоб берар экан, бош геолог конлар мамлакат мулки бўлиб қолишини ва хорижий инвесторларга берилмаслигини таъкидлади.
«Ўзбекистон манфаатлари, албатта, яхши ҳимоя қилинган. Чунки битим имзоланганда, биринчидан, «Ўзбекнефтгаз»нинг катта улуши сақланиб қолади. Иккинчидан, шуни яхши тушуниш керакки, кон очилганидан кейин ҳам у Ўзбекистон кони бўлиб қолади. Яъни кейинчалик шартнома асосида фақат қазиб олинган маҳсулот тақсимланади. Аммо коннинг ўзи Ўзбекистонники ҳисобланади, у тўлиқ хорижий инвесторларга берилмайди», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, маҳсулот тақсимоти фақат кон очилиб, лойиҳадан самара олинганидан кейин бошланади.
«Бу ерда маҳсулот фақат кон очилиб, ундан самара олинганидан кейин тегишли схема ва ўзаро тақсимлаш тизими асосида тақсимланади. Шу билан бирга, битимда барча томонлар, айниқса биринчи навбатда Ўзбекистоннинг иқтисодий манфаатлари сезиларли даражада ҳисобга олиниши назарда тутилган», — деди Муҳиддинов.
У, шунингдек, қазиб олинадиган маҳсулот ички эҳтиёжларга ҳам йўналтирилишини тасдиқлади.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳанинг биринчи босқичи беш йилга мўлжалланган бўлиб, кейинги амалга ошириш ишлар натижаларига боғлиқ бўлади.
Маҳсулотнинг қай қисми ички бозорга, қай қисми экспортга йўналтирилиши ҳақидаги саволга жавобан Нодир Муҳиддинов бу ҳозирча очиқланмайдиган тижорат масалалари эканини айтди.
Эҳтимолий захиралар ҳақида гапирар экан, «Ўзбекнефтгаз» бош геологи аниқ ҳажмларни айтишга ҳали эрта эканини, чунки сейсмик қидирув ишлари энди бошланганини билдирди.
«Чунки геофизик ишлар якунларига кўра, биринчи навбатда чуқур бурғулаш ишлари олиб борилади. Захиралар ҳақида фақат шундан кейин гапириш мумкин бўлади», — деди у.
Лойиҳа ҳақида
2025 йил 24 июль куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Озарбайжон Давлат нефть компанияси (SOCAR) ва «Ўзбекнефтгаз» ўртасида маҳсулот тақсимотига оид битим имзоланди. Ҳужжат Устюрт нефть-газ минтақаси — Бойтерак, Теренгқудуқ, Биргори, Харой, Қорақалпоқ ва Қулбой инвестицион блокларида геологик қидирув ишларини олиб бориш ва кейинчалик углеводородларни қазиб олишни кўзда тутади.
Ҳужжатга кўра, қидирув ва кузатув ишларини, шунингдек, камида битта қидирув қудуғини бурғилашни беш йил ичида якунлаш кўзда тутилган. Бу даврда SOCAR оператор сифатида ишлайди.
Ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа доирасида 100 млн тоннагача нефть ва 35 млрд кубометр газ захиралари аниқланиши мумкин. Режалаштирилаётган инвестициялар ҳажми 2 млрд доллар миқдорида баҳоланмоқда.
SOCAR ва BP компаниялари Қорақалпоғистоннинг Устюрт минтақасига анча аввалроқ қизиқиш билдирганди. 2018 йил май ойида «Ўзбекнефтгаз», SOCAR ва BP Exploration (Caspian Sea) компанияларни Устюрт платосининг Орол денгизи, Сом-Қосбулак ва Бойтерек инвестиция блокларини биргаликда очишга таклиф қилувчи меморандум имзолаган.
2021 йилда BP Устюрт нефть-газ конини ривожлантириш лойиҳасидан чиққан. Британия компаниясининг чиқиб кетиши сабаби сифатида стратегиядаги ўзгариш — «яшил» йўл танлангани ва углеводородларга янги сармоялар киритишдан воз кечилгани келтирилган. Бироқ Британия компанияси ўз стратегиясини яна қайта кўриб чиқмоқда: 2030 йилгача нефть ва газ қазиб олишни қисқартириш режаларидан воз кечиб, инвесторларнинг даромадини ошириш учун углеводородларга эътибор қаратмоқда.
Маҳсулот тақсимотига оид битим — хорижий инвесторга фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳуқуқини берувчи шартнома бўлиб, унга кўра қазиб олинган маҳсулотнинг бир қисми инвесторда қолади, қолган қисми эса давлатга ўтади. МТБ саноат миқёсида эксплуатация жараёнида томонлар харажатларни қоплагандан кейин қазиб олинган нефть ёки газнинг қанча улушини олишини белгилайди.