Ўзбекистонда БААнинг АМЕА Power компанияси билан ҳамкорликда бир нечта йирик энергетика лойиҳаси қурилишига старт берилди, дея хабар қилди Энергетика вазирлиги.

Лойиҳалар 13 май куни «Ўзбекистон энергетика ҳафталиги — 2026» доирасида ишга туширилди. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида қуввати 150 МВт (300 МВт/соат) бўлган энергия сақлаш тизими қурилиши бошланди. Лойиҳа қиймати 86,1 млн долларга баҳоланмоқда.

Бундан ташқари, АМЕА Power компанияси билан ҳамкорликда Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида қуввати 200 МВт (800 МВт/соат) бўлган яна бир энергия сақлаш станциясини қуриш кўзда тутилган. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 200 млн долларни ташкил этади.

Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида қуввати 1000 МВт бўлган шамол электр станцияси ва узунлиги 40 км бўлган электр узатиш тармоғини қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа қиймати 1,06 млрд долларга баҳоланмоқда.

Энергетика вазирлигининг қайд этишича, ушбу лойиҳалар мамлакатнинг энергетика инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш ва энергия таъминоти барқарорлигини оширишга ҳисса қўшиши лозим.

«Ўзбекистоннинг 2035 йилгача энергетикани ривожлантириш стратегиясида электр энергиясининг улгуржи бозорини яратиш, тармоқларнинг бир қисмини хусусий операторлар бошқарувига ўтказиш, RAB тарифларини жорий этиш режалаштирилган», — деганди BCG ҳамкори Игор Алексеев 2025 йил октябрь ойида. Энергия истеъмоли 123 млрд кВт/соатгача, генерация эса 34 ГВтга ошиши кутилмоқда.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев Самарқандда бўлиб ўтган Осиё тараққиёт банки йиғилишида бир неча йил олдин электр энергияси импортчиси бўлган Ўзбекистон энди уни Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистонга етказиб бераётгани ва ҳажмини ошкор қилганини айтди. Унинг сўзларига кўра, мамлакат «ишончли ишлаб чиқарувчи», транзит йўлаги ва энергия тизимларининг минтақавий интеграторига айланиб бормоқда.