• Чт. Июн 11th, 2026

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Статқўм синов тариқасида медиана иш ҳақи ва иш ҳақининг модал интервалини ҳисобламоқда


Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси иш ҳақи кўрсаткичларини ҳисоблаш ва эълон қилиш амалиётини кенгайтирмоқда. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати Gazeta’га хабар берди.

Таҳририятнинг нима учун ўртача маошлар бўйича расмий статистикада фақат арифметик ўртача кўрсаткич ҳисобга олиниши, медиана ва энг кўп учрайдиган маош миқдори бўйича ҳам маълумотларни очиқлаш имконияти бор ёки йўқлиги ҳақидаги саволига қўмита қуйидагича жавоб қайтарди:

«Амалий статистикада узоқ вақт давомида асосий кўрсаткич сифатида арифметик ўртача иш ҳақи қўллаб келинган. Бунинг асосий сабаби шундаки, ушбу кўрсаткич агрегат маълумотлар, яъни корхона ва ташкилотлар кесимидаги иш ҳақи фонди ҳамда ходимларнинг ўртача сони асосида тезкор ҳисобланади».

Қайд этилишича, медиана иш ҳақи ва энг кўп учрайдиган иш ҳақи миқдорини ҳисоблаш ходимлар даражасидаги иш ҳақи тақсимоти, иш вақти ва бошқа микромаълумотларни талаб этади.

Президентнинг 2025 йил 24 февралдаги фармонида статистика ишларини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, рақамли технологияларни жорий этиш, вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари билан интеграцияни кенгайтириш ҳамда респондентлар учун ҳисобот юкини камайтириш вазифалари белгиланган.

«Бу вазифалар ижроси доирасида Миллий статистика қўмитаси томонидан иш ҳақи кўрсаткичлари таркибини кенгайтириш, жумладан, медиана иш ҳақи ва иш ҳақининг модал интервалини ҳисоблаш бўйича синов ишлари амалга оширилмоқда», — дейилади қўмита жавобида.

Маълумот ўрнида, медиана иш ҳақи — маош олувчи ходимларнинг ярми ундан кам, қолган ярми эса ундан кўп иш ҳақи оладиган нуқтани ифодалайди. Бу кўрсаткич ўртача иш ҳақидан фарқли равишда, жуда юқори иш ҳақи олувчи кичик гуруҳ таъсирига камроқ боғлиқ бўлиб, меҳнат бозоридаги «оддий ходим» ҳолатини аниқроқ кўрсатади.

Миллий статистика қўмитасининг таъкидлашича, энг кўп учрайдиган иш ҳақи миқдори амалиётда аниқ битта сумма сифатида эмас, балки «энг кўп ходимлар жамланган иш ҳақи оралиғи» — модал интервал сифатида ҳисобланиши мақсадга мувофиқ. Бу ходимларнинг энг катта қисми қайси иш ҳақи оралиғида жамланганини кўрсатади.

«Шу сабабли келгусида ўртача ойлик иш ҳақи билан бир қаторда медиана иш ҳақи, иш ҳақи тақсимоти, модал интервал, паст иш ҳақи олувчилар улуши каби кўрсаткичларни босқичма-босқич эълон қилиш имконияти мавжуд. Бунда маълумотларнинг махфийлиги, ходимларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш, методологик барқарорлик ва халқаро таққосланувчанлик талаблари таъминланиши лозим», — дея қайд этди қўмита.

Ушбу кўрсаткичларни 2027 йилдан бошлаб босқичма-босқич равишда ҳисоблаш ва расмий статистика доирасида эълон қилиш амалиётини жорий этиш режалаштирилмоқда.

Қўмита, шунингдек, тақдим этилаётган ўртача маош статистикасида кичик бизнес ва қишлоқ хўжалиги сектори вакиллари маълумотлари йўқлиги бўйича саволга ҳам жавоб қайтарди.

Амалдаги тартиб бўйича кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликлари статистика ҳисоботларини статистика идораларига йилда бир марта тақдим этади. Шунга кўра, кичик корхоналар, микрофирмалар ва фермер хўжаликлари бўйича ўртача ойлик иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар ҳам йилда бир марта шакллантирилиб, эълон қилинади.

«Агар қўшилаётган қатламларнинг ўртача ойлик иш ҳақи амалдаги тезкор қамровдаги ўртачадан паст бўлса, умумий ўртача кўрсаткич пасаяди. Бу арифметик жиҳатдан табиий ҳолатдир», — деди қўмита.

Қуйидаги жадвалда қўмита томонидан тақдим этилган, 2024 йилнинг дастлабки (кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларисиз) ҳамда 2024 йил учун якуний (барча юридик шахслар) маълумотлар таҳлили келтирилган:

Ўртача ҳисобланган ойлик иш ҳақи миқдорининг кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларини қўшиб ҳисоблаганда нисбатан паст бўлишига айрим кичик бизнес вакиллари ойлик иш ҳақининг бир қисмини расмий, қолган қисмини эса норасмий (махсулот кўринишида, конверт ва ҳ.к.) тарзда тўлаши ҳам сабаб бўлиши мумкин. Натижада расмий ҳисоботларда иш ҳақи миқдори пастроқ акс этади.

Шунингдек, номинал ҳисобланган иш ҳақи солиқ ва бошқа тўловларни ўз ичига олади.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларни узатиш кесимини янада, масалан, туманлар ва соҳалар кесимида чуқурлаштириш имконияти ҳақидаги саволга ҳам жавоб берди.

Ўзбекистондаги ўртача ўқитувчи эмас, қайсидир тумандаги ўртача мактаб ўқитувчиси қанча ўртача маош олаётгани бўйича маълумотларни олиш имконини яратса бўладими?

Қўмита жавобида таъкидланишича, айрим фаолият турларида, хусусан, умумий ўрта таълим ташкилотларида бухгалтерия ҳисоби марказлашган тартибда юритилиши сабабли интеграция орқали олинаётган маъмурий маълумотлар ҳар доим ҳам ходимнинг аниқ иш жойи — мактаб, туман ёки ташкилот кесимида шаклланмайди. Бундай ҳолатда маълумотлар кўпинча марказлашган бухгалтерия ёки юқори турувчи молиялаштирувчи ташкилот даражасида акс этади.

Шунга кўра, «тумандаги мактаб ўқитувчисининг ўртача ёки медиана иш ҳақи» каби чуқур кесимларда маълумот шакллантириш учун фақат интеграция қилинган иш ҳақи маълумотлари етарли эмас. Бунинг учун ходим даражасидаги анонимлаштирилган маълумотларда иш жойи, туман/шаҳар коди, ташкилот коди, лавозим, ставка, иш вақти режими ва тўлов турлари ягона таснифлагичлар асосида тўғри боғланган бўлиши керак.

Бунда қонунчиликкка мувофиқ маълумотларни эълон қилишда махфийликни таъминлаш, кам кузатувли кесимларда шахс ёки ташкилотни билвосита аниқлаш хавфини бартараф этиш талаб этилади.

«Шу сабабли ҳозирги марказлашган бухгалтерия шароитида айрим соҳалар бўйича туман кесимида иш ҳақи маълумотларини шакллантириш имконияти чекланган. Бу йўналишда аниқ маълумот олиш учун ахборот тизимларида ходимнинг ҳақиқий иш жойи ва лавозимини туман кесимида идентификация қилиш механизмини босқичма-босқич жорий этиш зарур», — дея қайд этди қўмита.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ январь-март ойларида Ўзбекистонда ўртача ойлик номинал иш ҳақи 6,8 млн сўмдан ошгани хабар қилинганди. Энг юқори ўртача ойлик пойтахтда (11,7 млн), энг паст — Қашқадарё вилоятида (4,7 млн) қайд этилган. Таълим (4,6 млн) ва соғлиқни сақлашда (4,1 млн) ўртача ойлик энг пастлигича қолмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *