Туркия ва Арманистон 11 май куни мамлакатлар ўртасида тўғридан тўғри савдо алоқаларини йўлга қўйиш бўйича бюрократик тайёргарликни якунлади, деб хабар берди Туркия ТИВ.

«Янги қарор туфайли эндиликда Туркиядан учинчи давлат орқали Арманистонга ёки Арманистондан худди шу йўналиш бўйича келаётган товарларнинг якуний манзили ёки келиб чиқиш жойини „Арманистон/Туркия“ деб кўрсатиш мумкин», — дейилади вазирлик хабарида.

Арманистон ТИВ матбуот котиби Ани Бадалян Ереван Туркия томонидан савдо тақиқининг бекор қилинишини олқишлашини маълум қилди.

«Ушбу қарор икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, минтақадаги иқтисодий ўзаро боғлиқликни рағбатлантириш ҳамда тинчлик ва фаровонликни таъминлаш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга», — деб ёзди у X ижтимоий тармоғида.

«Бу икки давлат ўртасида тўлақонли ва нормал муносабатларни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлиб, у мантиқан Арманистон-Туркия чегараларининг очилиши ва дипломатик алоқалар ўрнатилиши билан давом этиши мумкин», — дея қўшимча қилди Бадалян.

Туркия ва Арманистон ўртасида дипломатик муносабатлар мавжуд эмас. Қорабоғ можароси туфайли икки давлат ўртасидаги қуруқликдаги чегаралар 1993 йилдан бери ёпиқ қолмоқда. 2022 йилдан буён томонлар муносабатларни нормаллаштириш бўйича музокаралар олиб бормоқда.