Қирғизистон Ғарб давлатлари томонидан жорий этилган савдо чекловларини айланиб ўтишда Россияга ёрдам бермаяпти, дея баёнот берди мамлакат бош вазири Адилбек Касималиев. Унинг сўзларидан 24.kg нашри иқтибос келтирмоқда.

«Биз чекловларни айланиб ўтишда иштирок этмаслигимизни ҳар доим айтиб келамиз. Аммо, шу билан бирга, Россия билан яқин алоқаларимиз бор. У ерда мигрантларимиз меҳнат қилмоқда, у ердан пул ўтказмалари келмоқда», — деди Касималиев.

Шунингдек, у Европа Иттифоқининг Қирғизистонга нисбатан санкцияларни айланиб ўтишга қарши курашиш воситасини қўллаш қарорига муносабат билдирди. Ушбу механизм ЕИ томонидан апрель ойи охирида Россияга нисбатан қабул қилинган 20-санкциялар пакети доирасида ишга туширилганди. Қирғизистонга дастурий бошқариладиган ҳар қандай ускуна ва радиоаппаратураларни экспортлаш тақиқланди. ЕИ вакиллари Қирғизистон томонидан айрим ускуналарни Россияга экспорт қилинишининг олдини олиш талаблари «тизимли ва қайта-қайта бажарилмагани» сабабли ушбу механизм фаоллаштирилганини билдирган.

Касималиевнинг сўзларига кўра, Қирғизистонга нисбатан халқаро санкциялар жорий этилмаган, ЕИ чекловлари эса фақат икки турдаги товарлар етказиб берилишига тааллуқлидир.

У Қирғизистон ЕИ, АҚШ ва Буюк Британиянинг санкциялари рўйхатига тушган маҳаллий банкларни текшириш учун халқаро аудиторлик компанияларига мурожаат қилганини маълум қилди.

«Дунёда тўртта йирик аудиторлик компанияси бор. Биз улар келиб, банкларимизда бирор-бир алоқа ёки қоидабузарликлар бор-йўқлигини текшириши учун ишларига ҳақ тўлашни таклиф қилдик. Бизга айрим банкларни ёпишни таклиф қилишди, бироқ биз буни қилолмаслигимизни, чунки у ерда фуқароларнинг депозитлари борлигини айтдик. Агар улар ёпилса, молиявий тизим жиддий зарар кўриши мумкин», — деди бош вазир.

Қирғизистон ТИВ аввалроқ ЕИ томонидан мамлакатга нисбатан санкцияларни айланиб ўтишга қарши механизм қўлланганидан афсусда эканини билдирганди. Вазирлик «Қирғизистон томонининг позицияси инобатга олинмаётгани» ва бу каби «бир томонлама қарорлар ишонч муҳитига путур етказишини» таъкидлаган.