Ўзбекистон «Мирзо Улуғбек» деб номланган ўзининг илк илмий сунъий йўлдошини 2028 йилда учиради. Шунингдек, биринчи миллий космонавт фазога 10−14 кунлик парвозни амалга оширади. Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги 13 май куни ўтказган матбуот анжуманида шулар ҳақида қўшимча маълумотлар берди, деб хабар қилмоқда Gazeta мухбири.
Фото: «Ўзбеккосмос»
«Самарқанд-2028″ — хитой-ўзбек сунъий йўлдоши
«Ўзбеккосмос» агентлиги ва STAR.VISION компанияси ўртасида имзоланган меморандумга мувофиқ, Хитой томонидан фазога учирилиши режалаштирилаётган гиперспектрал сунъий йўлдошга «Самарқанд-2028» номи берилади.
Ерни масофавий зондлайдиган бу йўлдош учун «Ўзбеккосмос» мутахассислари сунъий интеллект модулини ишлаб чиқади. Сунъий йўлдош оладиган суратлардан ҳаво сифатини бирламчи баҳолаш, қишлоқ хўжалиги экинлари ва ўрмонларни мониторинг қилишда фойдаланилади.
«Ҳозирда сунъий йўлдош олган суратлар ерга туширилади. Ерда таҳлил қилиниб, кейин маълумот берилади. Бизнинг СИ эса шу суратларни сунъий йўлдошнинг бортида қайта ишлаб, тайёр аналитикани ерга туширади. Натижада 24 соатдан 48 соатгача вақт тежалади. Бу таклифимиз хитойлик ҳамкорларимизга маъқул тушди», — дейди «Ўзбеккосмос» директори ўринбосари Муҳиддин Ибрагимов.
Муҳиддин Ибрагимов. Фото: «Ўзбеккосмос»
У «Самарқанд-2028» сунъий йўлдоши учун ҳеч қандай харажат қилинмагани, ривожланган давлатларнинг хатосини такрорламасдан, «бартер» йўли танланганини — Хитой томонига «сизлар сунъий йўлдошнинг темир қисмини қиласизлар, биз сунъий интеллект модулини яратиб берамиз» таклифи берилганини айтди.
«Менга ҳозир WhatsApp’дан ёзишди, шу йил 31 май куни учиришимиз керак бўлган сунъий йўлдош парвози 20 июнга қолдирилди. Йўлдош Хитойнинг Циндао шаҳридан учиши керак эди. У ерда ҳозир режадан ташқари денгиз машғулотлари бўлар экан. Бу балки яна ҳам кейинроққа қолдирилар, бизга боғлиқ эмас», — деди Муҳиддин Ибрагимов.
Мазкур сунъий йўлдошга «Самарқанд-2028» номи берилиши 2028 йил Самарқандда ўтказиладиган Халқаро астронавтика конгрессини рамзий маънода ифодалайди.
Конгрессда бутун дунёдаги космик агентликлардан вакиллар ташриф буюриши, космик йўналишда кейинги йилларда бўладиган ўзгаришлар юзасидан муҳокамалар бўлиши кутилмоқда. «Бизлар учун бу жуда ҳам катта имконият, чунки ҳалигача бунақа таркибдаги тадбир бизнинг ҳудудда бўлмаган», — дейди агентлик вакили.
Фото: «Ўзбеккосмос»
Илк миллий фазогирга қандай талаблар қўйилган?
Илк миллий фазогирни қисқа муддатга — 10−14 кунлик парвозга тайёрлаш мақсад қилинган, бундай парвозларни ташкил этиш бўйича халқаро ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилган.
«Космонавтимиз станцияда яшаб, жамоанинг бир қисми бўлади ва энг асосийси — илмий дастурлар. Фанлар академияси, Инновацион вазирлик (Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги — таҳр.) ва тегишли ОТМлар билан илмий экспериментлар ўтказиш бўйича музокара олиб боряпмиз. Бизнинг космонавт станцияда оламшумул бўлмаса-да, қандайдир эксперимент ўтказиб, натижаси билан Ерга қайтиб келиши биз учун жуда муҳим», — дейди Ибрагимов.
Қайд этилишича, бўлажак ўзбек фазогирнинг ёши 27−40 атрофида, бўйи 160−190 см, вазни 50−96 кг бўлиши, олий маълумотли ва хорижий тилларни билиши шарт. Учувчининг жинси аҳамиятсиз — эркаклар ҳам, аёллар ҳам учиши мумкин.
Шунингдек, номзодлар саралаш жараёнида тиббий кўрик, психологик ва психофизиологик тестлар, интеллектуал кўникмаларни баҳолаш, жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш каби текширувлардан ўтади.
Фото: «Ўзбеккосмос»
«Синовлардан ўтган космонавт АҚШ, Россия, ёки Хитойга тайёргарлик учун боради. Бу ўртача олти ойдан тўққиз ойгача вақт талаб қилади. Тайёргарлик жуда ҳам оғир. Чунки ўша ракетанинг ичидаги ҳамма жиҳозлардан хабардор бўлиши зарур, космик станциянинг тўғри ишлашига ҳам бизнинг космонавт қисман жавобгар бўлади», — дея тушунтирди Муҳиддин Ибрагимов.
Унинг таъкидлашича, илк ўзбек космонавти «Самарқанд-2028» конгрессигача фазога учиб, Ерга қайтиб келиши режалаштирилмоқда.
Илк илмий сунъий йўлдош
2025 йилда Рақамли технологиялар вазирлиги Япониянинг Кюшу институти билан ўзбекистонлик етти нафар ёш муҳандисни «космик аппаратларни лойиҳалаш, йиғиш ва синовдан ўтказиш» магистратура дастури бўйича икки йиллик ўқитиш тўғрисида келишув имзолаган. Ушбу вақт ичида улар япониялик мутахассислар билан биргаликда 6U Cubesat форматидаги биринчи илмий-техник сунъий йўлдошни яратиши ва орбитага чиқариши кўзда тутилган эди.
Талабалар ясаётган сунъий йўлдошга президент Шавкат Мирзиёев томонидан «Мирзо Улуғбек» номи берилган. Унинг парвози 2028 йил бошига мўлжалланган.
Режага кўра, 7 нафар талаба илк босқичда назарий ва амалий дарслар ўтайди, шу йил сентябригача сунъий йўлдошни лойиҳалайди, декабргача йўлдошнинг тест моделини йиғади, 2027 йил октябригача парвоз моделининг синовини ўтказади ва 2028 йилда тайёр сунъий йўлдошни учиради.
Фото: «Ўзбеккосмос»
«Вазифаси Ерни масофадан зондлаш бўлган ушбу сунъий йўлдошнинг маҳсулоти — суратлар. Бироқ оддий суратлар эмас, кўп спектрли, кўзга кўринмайдиган, спектрал таҳлилга тушадиган суратлар. Бу бизга ўша қишлоқ хўжалиги, геология, кадастрда асқатадиган маълумотлар бўлади», — дейди Муҳиддин Ибрагимов.
Унга кўра, Ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдошлари 500 километр баландликда 27 минг километр тезликда учиб боради.
Бугунги кунда «Ўзбеккосмос» Planet компаниясининг 180 та сунъий йўлдошидан фойдаланади. Бу Ер шарини ҳар кунлик суратга олиш имкониятига эга эканини англатади.
«Ҳар бир айланганида Ўзбекистон ҳудудидан ўтаётиб, қайсидир ҳудудни расмга олиш учун унга топшириқ берамиз. Шу нуқталар бўйича сунъий йўлдош расмга олиши мумкин. У бир марта ўша ҳудуддан ўтгандан кейин ўша орбитага камида 40 соатдан кейин қайтиб келади. 40 соат ичида ўша сунъий йўлдош худди шу нуқтага бошқа қайтиб келмайди. Шунинг учун биз битта эмас, камида иккита сунъий йўлдош тўғрисида гапиряпмиз», — дея тушунтирди Ибрагимов.
«Ўзбеккосмос» агентлиги вакиллари томонидан аввалроқ берилган маълумотларга кўра, космонавтни тайёрлаш дастури 50−60 млн долларга, сунъий йўлдош яратиш эса унинг техник хусусиятлари ва тасвир аниқлигига қараб 50−100 млн долларга тушиши мумкин.
Космик мониторинг
«Ўзбеккосмос» агентлигининг маълум қилишича, космик суратлар билан SpaceGov Monitoring платформаси орқали ноқонуний қурилишлар, ер билан боғлиқ қонунбузарликлар ва бошқа ҳолатлар аниқланиб, таҳлилий маълумотлар прокуратура ва ички ишлар идораларига юборилмоқда. Тизим текширув, суд ва ижро жараёнларигача бўлган босқичларни кузатиш имконини беради.
Сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича ҳам янги тизим жорий этилмоқда. Унда фермерларнинг қанча сув ишлатгани, ҳосилдорлик ва сув самарадорлиги таҳлил қилинади. Агентлик маълумотига кўра, айрим ҳудудларда камроқ сув билан ҳам юқори ҳосилдорликка эришиш мумкинлиги аниқланган.
Бундан ташқари, дарахт кесилиши ҳолатлари ҳам космик суратлар орқали кузатилмоқда. Тизим кесилган дарахтларни 24 соат ичида аниқлаб, маълумотни Экология қўмитаси ва бошқа масъул ташкилотларга юборади. Фуқаролар учун ҳам «халқ назорати» модули ишга туширилган бўлиб, улар дарахт кесилиши ҳолатларини платформага юбориши мумкин.
Маълумот учун, сайтда 2025 йил 1 июндан бери тахминан 682 та майдонда дарахт кесилганини кўриш мумкин. Сомонпоя ва дала ёнғинларини мониторинг қилиш тизими орқали эса 65 минг гектар ерда ёнғин кузатилиши эҳтимоли юқори бўлган буғдой далалари кўрсатилган.


Халқаро ҳамкорлик
Матбуот анжуманида NASA`нинг собиқ астрономи Эндрю Фьюстел ҳам иштирок этиб, Ўзбекистон билан ўз тажрибаларини бўлишаётганидан мамнунлигини таъкидлади.

Эндрю Фьюстел — америкалик астронавт ва геофизик олим. У NASA таркибида бир неча космик парвозларни амалга оширган. Уч марта космосга парвоз қилган ва жами 225 кундан ортиқ вақт ўтказган. Бир неча марта очиқ космосга ҳам чиққан. Ҳозирда АҚШ хусусий аэрокосмик компанияси — Vast’нинг маслаҳатчиси сифатида фаолият юритади.
Ўзбекистонга Фьюстел Рақамли технологиялар вазирлиги ва Vast компанияси ўртасида имзоланган англашув меморандуми доирасида ўзаро ҳамкорлик қилиш, тажриба алмашиш ва соҳани оммалаштириш учун келган.
«Ўзбекистон муайян космик парвоз имкониятларининг ижобий ва салбий томонларини тушунишга ҳаракат қилмоқда. Биз буни ижобий қадам деб биламиз. Президентнинг 2028 йилгача парвозни амалга ошириш бўйича топшириғини бажаришни эртароқ бошлаш керак. Биз бунинг учун ёрдамга тайёрмиз», — деди Эндрю матбуот анжуманида.
У Халқаро космик станцияда тадқиқот ва изланишлар учун жуда кўп соҳалар мавжудлиги, астронавтлар космосда ўтказадиган тажрибаларни ўзлари яратмаслиги, шунчаки тажрибаларни бажаришларини таъкидлади.
«Биз операторлармиз — тажрибаларни ишлаб чиққан етакчи олимларнинг қўллари, кўзлари ва қулоқларимиз. Баъзи олимлар ҳаётининг кўп қисмини космик тажрибаларга сарфлашади. Бизнинг вазифамиз эса ана шу тажриба космосда муваффақиятли бўлиши, тўғри ишлашини таъминлашга ёрдам беришдир», — дейди Фьюстел.
Эндрю Фьюстел. Фото: Instagram/@astro_feustel
Астроном «Келажакда сунъий интеллект фазогирларнинг ўрнини эгаллаши мумкинми?» деган саволга: «Баъзи илмий тажрибалар натижаларини таҳлил қилишда СИдан фойдаланяпмиз, лекин, менимча, астронавтнинг космосдаги роли нуқтаи назаридан, бу фаолият яқин келажакда ва, эҳтимол, анча вақтгача инсонлар томонидан бажарилади. Баъзи ҳолларда инсон мулоқотининг ўрнини босиш қийин», — дея жавоб берди.
Эндрю Фьюстел анжуман сўнгида нутқини қуйидагича якунлади:
«Кўпчилик астронавтлар, агар кўпроқ одамлар Ерни фазодан кўра олса, биз сайёрамиздаги муаммоларни ҳал қилиш учун биргаликда ишлардик деб айтган бўларди. АҚШ ва Россия 1975 йилдан, яъни „Аполлон-Союз“ давридан бери космосда бирга ишламоқда. Сиёсий таъсир илмий изланишлар ва илмий саъй-ҳаракатлар йўналишини ўзгартиришини олдиндан айтиш қийин, деб ўйлайман. Умид қиламанки, космос ҳақидаги хабардорлик, шунингдек, космосга бориш қобилиятимиз миллатларни биргаликда ишлашга, ўзимизга ёрдам беришга кучлироқ туртки беради».
«Шундай қилиб, биз Ерда том маънода ёлғизмиз. Ва кўпроқ одамлар бу бизнинг ягона уйимиз эканини қанчалик тез англаса ва ғамхўрлик қилса, менимча, шунча яхши бўлади, келажакда ўз мавжудлигимизни таъминлаш учун биргаликда ишлаш эҳтимолимиз шунча юқори бўлади. Чунки ҳозир, менимча, биз бир-биримизни ҳимоя қилиш бўлган умумий мақсадга эга бўлиш зарурлигини англаш учун етарлича ҳаракат қилмаяпмиз», — деди у.


