2026 йилнинг 4 ойида Тошкент автобусларида йўл ҳақини тўламаган 50 мингдан ортиқ фуқаро жаримага тортилди. Яқин орада чиптасиз йўловчиларни сунъий интеллект орқали назорат қилишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 14 май куни «Тошшаҳартрансхизмат» АЖда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Gazeta мухбири.
«Чиптасиз юрганларнинг 70 фоизи талабалар»
«Йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» Давлат муассасаси раҳбари Муҳаммаджон Қаҳоровнинг айтишича, назоратчилар гуруҳининг 57 нафар вакили ҳар куни Тошкентда турли йўналишлардаги автобуслар ва бекатларда йўл ҳақи тўланиши юзасидан рейдлар олиб бормоқда.
«2025 йилда чиптасиз юрган йўловчилар 22 500 нафарни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг ўтган 4 ойида бу рақамлар 50 мингдан ошди. Таҳлилларга кўра, автобусларда йўл ҳақини тўламаганларнинг 90 фоиздан зиёдини 16−30 ёшдаги фуқаролар ташкил қиляпти. Уларнинг 70 фоизи эса талабалардан иборат. Мазкур масала бўйича Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига хат билан мурожаат қилдик. Май ойидан олий таълим муассасаларига бориб, талабалар ўртасида профилактик ишлар олиб боряпмиз», — дейди у.
Фото: Транспорт вазирлиги
Сунъий интеллект орқали назорат
«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ Бошқарув раисининг рақамлаштириш ва сунъий интеллект жорий этиш бўйича маслаҳатчиси Шоҳруз Ходжиевнинг таъкидлашича, чиптасиз юрган йўловчиларни аниқлашда сунъий интеллектдан фойдаланиш режа қилиняпти.
«Транспорт вазирлиги тизимидаги Рақамли транспорт маркази томонидан уч-тўрт ой давомида йўловчиларнинг автобусларда йўл ҳақини тўламаганини сунъий интеллект ёрдамида назорат қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилди. Мазкур ечимни жорий қилиш осон иш эмас. Чунки дунё тажрибасида бундай ечим ривожланмаган экан, яъни айнан сунъий интеллект орқали йўл ҳақини тўламаган одамларни идентификация қилиш масаласи ҳали у даражага етмаганки, биз бирор мамлакат тажрибасини шундай олиб, Ўзбекистонга жорий қилсак. Шу сабабли ўзимизнинг моделни ишлаб чиқишимизга тўғри келди», — дейди у.

Шоҳруз Ходжиев.
Унинг қайд этишича, мазкур лойиҳани ишлаб чиқишдан аввал бир муддат йўлкира тўламаган йўловчилар бўйича таҳлил ўтказилди.
«Тошкент мисолида айтсак, автобуснинг олд эшигидан ҳам, ўрта ё сўнгги эшигидан ҳам чиқадиганлар бор. Автобус ичига ўрнатилган камералар йўловчилар хатти-ҳаракатини бўлимлараро кузатади. Сунъий интеллект фуқаро қайси эшикдан чиқиб, қайси бўлимда ўтиргани ва қаерда тўлов қилганини аниқлаши зарур. Йўл ҳақи тўланмагани 100 фоиз тасдиғини топиши керак, биз шундагина жарима қўллаймиз», — дейди Ходжиев.
«Бизда яна бир масала бор: кўп йўловчилар фақат ўзининг картасидан фойдаланмайди. Оила аъзоларидан бирортасининг картасини ишлатиши ҳам мумкин. Ҳар бир йўловчини идентификация қилиш жараёнида „А“ йўловчи „А“ картадан фойдаланади, дея қилинган тахмин нотўғри бўлади. Шунга ўхшаган жуда кўп кейслар устида бирма-бир ишлаяпмиз. Қайси йўналишда сурункали равишда қайси йўловчи пул тўламаётганигача биламиз. Яқинда сунъий интеллект тўлиқ жорий қилинганидан кейин йўловчилар мажбуриятни ҳис қилади ва тўлов тизими тартибга солинади, деган умиддамиз», — дея қўшимча қилди «Тошшаҳартрансхизмат» мутахассиси.
Ходжиев сунъий интеллект йўлга қўйилгач ҳам автобус бекатларида назоратчилар рейдлар олиб боришини айтди.
«Биз йўл ҳақи тўламаган йўловчилар масаласида икки босқичда ишлар олиб борамиз. Биринчи босқичда назоратчилар ишлайди. Ҳар битта автобус ичидаги йўловчиларнинг аниқ сони бизда бўлади. 60 нафар одам сиғадиган автобусдаги йўловчининг қанчаси қай вақтда тўлов қилгани АТТО тизими орқали кўриб борилади. Ҳаммаси таҳлил қилинганидан сўнг инспекторларга маълумот берилади. Масалан, 10-йўналишдаги автобус ичидаги одамдан шунчаси тўлов қилмади, автобус мана шу вақтда мана бу бекатга етиб боради, дея маълумот узатамиз. Шундан кейин инспектор манзилли автобусга чиқиб, тўлов қилмаганларни ўша жойнинг ўзида тўғридан-тўғри жаримага тортади», — дейди у.
«Иккинчи босқичда тўлиқ сунъий интеллект орқали назорат қилинади. Сунъий интеллект берган маълумотлар тасдиғини топиши учун бизга барибир инспекторлар керак бўлади. Мазкур жараён тўлиқ рақамлашиб кетишигача бироз вақт талаб қилади», — дея тушунтирди Шоҳруз Ходжиев.
«Тўлов маданияти масъулиятга айланиши керак»
Транспорт вазирлиги матбуот котиби Навруз Аширматовнинг сўзларига кўра, тўлов маданияти ҳар бир шахснинг ижтимоий масъулиятига айланиши лозим.
«Сунъий интеллектнинг жорий этилиши ёки ходимлар томонидан назорат тадбирларининг олиб борилиши — бу битта масала. Лекин жамиятда умумий дунёқараш ўзгариши керак: тўлов маданияти ҳар бир шахснинг ижтимоий масъулиятига айланиши лозим. Шундагина биз тўлов билан боғлиқ бўлган масалаларга қайсидир маънода тўлиқ ечим топган бўламиз», — дейди вазирлик вакили.

Навруз Аширматов.
«Жамоат транспортидан фойдаланувчи ҳар бир фуқаро тўловни амалга ошириш менинг масъулиятим, буни бажаришим керак, дея тўғри англаб етиши керак. Сабаби тўланаётган ҳар бир йўл ҳақи мазкур тизимнинг келгусида янада ривожланиши ва айнан йўловчиларга янада сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлашга йўналтирилади», — дейди Аширматов.
«Тошшаҳартрансхизмат» вакили Шоҳруз Ходжиев ҳар бир фуқаро ўз иши учун ўзи жавобгарликни ҳис қилиши, ўз юкламасини бировга ташлаб қўйиши хато эканини таъкидлади.
«Автобусга чиққан одам йўл ҳақи тўлаган ё тўламаганини атрофидаги йўловчилар ҳам кузатиб, фуқаролик позициясини билдиришини истайман. Тўламаган йўловчига „Барака топгур, йўл ҳақини тўлаб қўй. Нима учун биз сенинг юкламангни ўз зиммамизга олишимиз керак?“, дея эътирозлар билдириши лозим. Ҳаммамиз биргаликда тўлов маданиятини ўргатайлик. Шунингдек, тарғибот ва оммага тушунтириш ишларини ҳам олиб боришимиз зарур», — дейди Ходжиев.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Тошкентда 32,4 минг йўловчига нисбатан баённома расмийлаштирилган эди. Январь ойида 11 502, февралда эса 10 280 йўловчи автобусда чиптасиз юргани учун жаримага тортилган эди.
Маълумот учун, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси (Чиптасиз юриш)га кўра, жамоат транспортида йўлкира тўламаган йўловчига БҲМнинг 1/10 қисми, яъни 41 200 сўм миқдорида жарима белгиланади.
Чиптасиз юрганларни жаримага тортиш 2025 йил 14 мартдан бошланган. Август ойида ўшандан буён Тошкент автобусларида чиптасиз юрган 4090 йўловчига маъмурий чоралар кўрилгани хабар берилганди.
2025 йилда Тошкент шаҳрида автобусда йўловчи ташишдан олинган даромад 16 фоизга ошиб, 644 млрд сўмга етди. Автобуслар ҳаракат интервали икки баробарга қисқариб, 18−20 дақиқадан 8−10 дақиқага тушгани қайд этилган. Шу билан бирга, кунлик йўловчи оқими 650 мингдан 1,4 миллион нафаргача кўпайган.
